Бугун мамлакатимизда кексалик гаштини сураётган нуронийлар, имконияти чекланган фуқаролар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик қилиш, меҳр-мурувват кўрсатишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Андижон вилояти Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор ва ёлғиз яшовчи кексалар учун ташкил этилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 декабрдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасидаги тиббий кўрик Жалақудуқ туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди.
Туманда истиқомат қилувчи ногиронлиги бор ва ёлғиз яшовчи кексаларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, улардаги касалликларни эрта босқичда аниқлаш, соғломлаштириш ишларини яхшилаш мақсадида ўтказилган тиббий кўрикка туман, вилоят даволаш муассасаларининг терапевт, кардиолог, эндокринолог, невропатолог, тери-таносил, окулист каби ўндан ортиқ йўналишдаги малакали мутахассислари жалб қилинди. Бундан ташқари, кўрик иштирокчилари умумий қон, қанд текшируви, гепатит таҳлили бўйича лаборатория, УЗИ, ЭКГ, флюорография текширувларидан ҳам ўтказилди.
– Ҳукуматимизга, шифокорларга раҳмат, – дейди Жалақудуқ тумани Бозорбоши маҳалласида ёлғиз яшовчи, меҳнат фахрийси, 83 ёшли Комилжон ота Норбоев. – Ижтимоий хизмат ходимлари кўмагида тиббий кўрикка келиб, саломатлигимни назоратдан ўтказдим. Мен каби ёлғиз яшаётган, ногирон инсонларга кўрсатилаётган эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди.
Ушбу хайрли ташаббус доирасида яқинлари, ижтимоий хизмат ходимлари кўмагида тиббиёт бирлашмасига ташриф буюрган 180 нафар ногиронлиги бор ва ёлғиз яшовчи кекса фуқаролар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларга аниқланган бирламчи касалликлар бўйича соғломлаштириш ишларини олиб бориш, соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзи тамойилларига амал қилиш юзасидан шифокорлар томонидан зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Тиббий кўрик давомида соғлигида жиддий муаммолар аниқланган 5 нафар фуқаро даволаниш учун шифохонага ётқизилди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари