Нодирбек Абдусатторов “Esports World Cup-2026” мусобақасида 75 минг АҚШ доллари билан тақдирланди
Франция пойтахти Париж шаҳрида шахмат бўйича мукофот жамғармаси 1,5 миллион АҚШ долларидан иборат “Esports World Cup-2026” турнирида гроссмейстеримиз Нодирбек Абдусатторов муносиб натижа қайд этди.
Киберспорт турлари бўйича ўтказилган “Esports World Cup-2026” мусобақасининг шахмат баҳсларида дона сурган ҳамюртимиз Н.Абдусатторов “A” гуруҳида кетма-кет 4 та учрашувда ғалаба қозониб, 100 фоизлик натижа билан тўғридан-тўғри плей-офф босқичига йўл олган эди.
Чорак финалда у беларуслик Денис Лазовикка қарши дона сурди. Барча 4 та асосий партия дуранг (2-2) натижа билан якун топди. Ҳал қилувчи армагеддон партиясидаги ғалаба эса рақибга ярим финал йўлланмасини тақдим этди. Умумий ҳисоб - 3-2.
Бу натижа маҳоратли шахматчимиз Абдусатторовнинг турнирни кучли саккизликда якунлаши ортидан 75 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига эга чиқишини таъминлади.

Ўз навбатида, Нодирбекнинг хатосидан унумли фойдаланган Лазовик 1/2 финалда америкалик Ҳикару Накамурадан устун келди. Финалда эса норвегиялик собиқ жаҳон чемпиони Магнус Карлсенга имкониятни бой берди.
Магнус Карлсен бош соврин билан бирга 250 минг доллар мукофот пулини қўлга киритган бўлса, 2-ўрин соҳиби Денис Лазовик 190 минг, 3-ўрин учун кечган баҳсда франциялик Алиреза Фирузжани доғда қолдирган Ҳикару Накамура 145 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА