НКМК: хотин-қизлар доимо эътибор ва эъзозда
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Навоий кон-металлургия комбинатининг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Ҳар йили баҳор ва гўзаллик айёми бўлган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами Навоий кон-металлургия комбинати ва унинг барча бўлинмаларида ўзига хос шоду хуррамлик билан кенг нишонланади. Тантанали тадбирларда комбинат хотин-қизларининг меҳнати, корхона ривожига қўшаётган ҳиссаси эътироф этилиб, соҳа илғорлари муносиб рағбатлантирилади.


Бугунги кунда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖда 6 мингдан зиёд, “Навоийуран” давлат корхонаси ва “НКМК жамғармаси” давлат муассасасида қарийб 7 мингга яқин, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида 260 нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат қилади. Уларнинг 35 нафари давлатимизнинг юксак орден-медаллари, 1270 нафардан ортиғи “НКМК фахрийси” унвони, “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, улар орасида 1280 нафар олий маълумотли хотин-қизлар, 264 нафар раҳбар аёллар, маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, 2 нафар фан доктори, 21 нафар фан номзодлари бор.

– Бугун комбинатда аёллар кенгашлари томонидан олиб борилаётган ишлар республика даражасида эътирофга сазовор бўлмоқда, – дейди “НКМК” АЖ Аёллар кенгаши раиси Сабоҳат Назарова. – Жумладан, комбинат жамоаси Олий Мажлис Сенати томонидан ўтказилган “Гендер тенглик фаоли” миллий танловида совриндор бўлган, Марказий кон бошқармаси Аёллар кенгаши раиси Саодат Бобоёрова Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган “Энг намунали хотин-қизлар бошланғич ташкилоти” танловида, 3-гидрометаллургия заводи устаси Гулжамила Турғунбоева “Йил аёли” танловида ғолиб бўлди.

Куни кеча Президентимиз фармони билан “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг “Навоий машинасозлик заводи” ишлаб чиқариш бирлашмаси темирчилик-пресслаш цехи машинисти Зулфия Аҳмедова “Меҳнат шуҳрати” ордени, шунингдек, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Тантанали тадбирда бир гуруҳ соҳа илғорлари комбинат томонидан таъсис этилган “НКМК фахрийси” унвони ва Фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
“Фарҳод” маданияти саройи бадиий жамоалари ва хонандалари томонидан намойиш этилган мусиқий дастур иштирокчлар қалбига байрамона кайфият улашди.
Абдували Бўриев,
ЎзА.