Нияти улуғнинг йўли ойдин
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилаётган доимий эътибор ўзининг юксак самараларини бермоқда.Ўзбекистон Фермерлари кенгашидан маълум қилишларича, юртимизда беш мингга яқин фермер аёл фаолият юритмоқда. Уларнинг манфаатларини муҳофазалашнинг тегишли ҳуқуқий асоси яратилган. Натижада фермер аёллар пахта, ғалла етиштиришда, умуман, қишлоқ хўжалигининг турли йўналишларида катта муваффақиятларга эришмоқда. Самарадорликнинг ошиб бориши аёлларимизни ўз фаолияти кўламини янада кенгайтиришга ундамоқда. Ўз хўжалигида қайта ишлаш, ҳунармандлик, тикувчилик цехлари очган ҳамда касаначиликни йўлга қўйган мулк соҳибалари талайгина.
– Юртимиз хотин-қизлари барча жабҳада ўз фаоллигини намоён этмоқда, – дейди Қизилтепа туманидаги “Валиобод” фермер хўжалиги раҳбари Раъно Валиева. – Фермер хўжалигимиз 91 гектар майдонда деҳқончилик билан шуғулланади. Техника ва ишчи кучимиз етарли. Тўғриси, илгари оддий қишлоқ аёлининг мулк эгаси бўлиб, бундай ишларни амалга ошира олишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.
Хўжалик чўл ҳудудида жойлашган бўлиб, шароит бирмунча оғир. Шу боис мунтазам равишда тупроқнинг унумдорлигини ошириш талаб қилинади. Президентимизнинг 2007 йил 5 ноябрдаги “Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори фермер хўжаликларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини янада кенгайтиришда қўл келаётир. Унга кўра, унумдорлиги паст, мелиоратив ҳолати ёмон хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан мақсадли маблағлар йўналтириш белгиланган.
Ерга қанча меҳр берилса, ҳосилдорлиги шунча ортади. Ўртачўл массивида жойлашган мазкур хўжалик 50 гектарда ғалла, 30 гектардан зиёд майдонда пахта етиштиради. Ерларнинг мелиоратив ҳолати кўп меҳнат талаб этгани боис юқори ҳосил олишнинг ўзи бўлмайди. Шу сабаб тупроқнинг ҳолатини яхшилаш, шўрини ювиш ҳамда экинларни ўз вақтида маҳаллий ўғит билан озиқлантириб, ҳосилдорликни ошириш доимий эътиборда.
Натижада пахта ва ғаллачиликда ўртача ҳосилдорлик ҳар йили 2-3 центнерга кўпайиб, 45-65 центнерни ташкил этмоқда. 2014 йилда ғалланинг “Нота” навидан 65 центнер, ғўзанинг “Бухоро-6” навидан 40 центнердан ошириб ҳосил олинди. Фермер хўжалиги туман аҳолисини гўшт билан таъминлашга ҳам фаол ҳисса қўшиб келмоқда.
Фермер опа тупроқни зар, сувни гавҳар деб билади. Кези келганда кафтлари қавариб, кетмон чопади. Об-ҳаво инжиқлик қилганда ҳар бир ниҳол атрофида гирдикапалак бўлади.
– Эртанги ҳосил бугунги тайёргарликка боғлиқ, – дейди Раъно Валиева. – Хўжалигимизга қарашли зовур ва ариқларни тозалаб қўйдик. Экин майдонларимизни шўрдан ҳимоя қилиш мақсадида суғоришдан тортиб, бегона ўтлардан тозалашгача бўлган тадбирларни ўз вақтида бажармоқдамиз. Халқимиз учун ердан бебаҳо неъмат йўқ. Унинг калити ер эгасининг қўлида. Чинакам деҳқон шундай ишлаши керакки, бундан давлат ҳам, жамият ҳам, ер соҳиби ҳам манфаатдор бўлсин. Ниятимиз жорий йилда пахта ва ғалладан мўл ҳосил олиб, ҳам оиламизга, ҳам давлатимизга юқори даромад келтириш.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида етакчи кучга айланган фермерлар нафақат пахта ва ғалла етиштиришнинг жонкуяри, балки кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват кўрсатаётган, ободончилик ишларида фаол қатнашаётган саховатпеша инсонлар сифатида ҳам эл-юрт дуосини олмоқда.
Раъно Валиева раҳбарлик қилаётган фермер хўжалиги туман касалхонасини таъмирлашга кўмаклашди. Кўп болали оилаларга қорамоллар тарқатилди, кам таъминланган оилаларга кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилаётир.
Оилага ҳам, жамиятга ҳам файз киритадиган, хонадонларни меҳр-муҳаббат, эзгулик нури билан мунаввар этадиган хотин-қизларнинг бундай ишлари юртимиз равнақини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.