Никоҳ 20 йилдан кейин расмийлаштирилди
Янгиер шаҳрида истиқомат қилаётган Баҳодир Ҳамидов ва Ўғилой Шаропова 20 йилдан буён шаръий никоҳ асосида яшаб келган.
Шу сабаб ўтган давр мобайнида оила кўплаб ҳуқуқий муаммоларга ҳам дуч келган, идорама-идора сарсон бўлган кунлари ҳам бўлган.

«Оnline-mahalla» платформасининг ишга туширилиши оиланинг бу муаммоси ҳал этилишига замин яратди.
–Ҳар бир ҳужжатнинг ўз вақтида расмийлаштирилишига эътиборли бўлиш даркор экан, – дейди Бахтиёр Ҳамидов. – Акс ҳолда биргина ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги овораю-сарсонгарчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Биз эътиборсизлик сабаб қонуний никоҳни расмийлаштиришга қунт қилмадик. Адлия ходимларига катта раҳмат, уларнинг кўмаги билан мана бугун муаммога ечим топилди.

– Ушбу ҳолат Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги фармони ижроси доирасида адлия органлари томонидан уйма-уй юрган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ўрганишлар жараёнида аниқланди, – дейди Янгиер шаҳар ФҲДЁ мудираси Маъмура Жўраева.
Эр-хотиннинг 20 йиллик никоҳи 2 нафар фарзанди гувоҳлигида қонуний қайд этилди. Бундан нафақат Баҳодир Ҳамидов ва Ўғилой Шаропова, уларнинг фарзандлари ва яқинлари ҳам бирдек хурсанд бўлишди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири