Нигерияда фожиа: маҳаллий аҳоли нишонга айланди
Нигериянинг шимоли-шарқидаги Йобе штати ҳудудида амалга оширилган ҳарбий авиация зарбаси катта фожиага сабаб бўлди. Маҳаллий манбалар маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Зарба дастлаб қуролли гуруҳларга қарши операция сифатида баҳоланган, кейинчалик унинг хатолик бўлгани тасдиқланди.
“Amnesty International” қурбонлар орасида болалар ҳам борлигини маълум қилмоқда. Ташкилот вакиллари ҳудуддаги шифохоналар масъуллари ҳамда гувоҳлар билан мулоқот қилганини айтиб, камида 100 киши ҳалок бўлганини қайд этди. Шу билан бирга, ўнлаб инсонлар жароҳат олиб, даволанмоқда.
Ҳудудда “Boko Haram” гуруҳи фаоллиги юқори бўлиб, ҳарбийлар тез-тез ҳаво зарбалари орқали уларга қарши кураш олиб боради, бироқ таҳлилчилар разведка маълумотлари ва мувофиқлашувдаги камчиликлар сабаб бундай “адашган зарбалар” такрорланаётганини таъкидламоқда.
Ҳукумат воқеа юзасидан расмий баёнот бериб, зарба жангарилар тўпланган ҳудудга қаратилганини билдирди. Шу билан бирга, ҳарбий операция пайти ўлка фуқаролари ҳам жабр кўргани тан олинди. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса мустақил текширув ўтказишни талаб қилиб, тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА