Нидерландия вакили билан учрашув
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун юртимизга келган “Ўзбекистон -Нидерландия" дўстлик жамғармаси раиси Далия Чакар билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўпмиллатли оила туйғусини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар хусусида маълумот берди. Шунингдек, “Ўзбекистон - Нидерландия" дўстлик жамғармаси билан амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Нидерландиялик меҳмон илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик изҳор қилган ҳолда “Нидерландия-Ўзбекистон" дўстлик жамиятининг фаолияти хусусида маълумот берди.
Қўмита ва жамият томонидан имзоланган меморандумда кўзда тутилган тадбирларни ташкил қилиш, ишларни янада фаоллаштириш борасида таклифлар билдирди. Хусусан, дўстлик жамғармаси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи борасида ҳам таклифлар билдирди.
Тадбир доирасида икки томонлама ҳамкорлик қилиш борасида келишиб олинди.
Учрашув якунида меҳмонга “Ўзбекистон умумий уйимиз” китоби ва “Ўзбекистон” журналларининг махсус сонлари тақдим этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА