Нидерландия билан боғдорчилик ва иссиқхона йўналишида ҳамкорлик кенгайтирилади
Қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, инновацион ёндашувларни кенгайтириш ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш аграр тармоқни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Бу борада илғор хорижий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим.
Нидерландияга амалга оширилган амалий ташриф доирасида Агросаноатни ривожлантириш агентлиги директори Нурали Абдуллаев Нидерландиянинг етакчи инновацион марказларидан бири “World Horti Center” вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги соҳаларида илғор технологияларни жорий этиш, инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш, тажриба алмашинувини ривожлантириш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва соҳа мутахассислари малакасини ошириш юзасидан фикр алмашди, дейилади Агросаноатни ривожлантириш агентлиги маълумотида.
Маълумот учун, “World Horti Center” боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва бизнесни бирлаштирган Нидерландиянинг етакчи инновацион марказларидан бири ҳисобланади. Марказ замонавий агротехнологияларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш борасида халқаро миқёсда муҳим ўрин эгаллайди.
Марҳабо Ҳожиакбарова, ЎзА