Непалда ҳафта охирида ёққан кучли ёмғир ва кўчкилар оқибатида камида 44 киши ҳалок бўлди, беш киши бедарак йўқолган, деб хабар берди мамлакат миллий офатларни бошқариш идораси.
Таъкидланишича, ўлканинг шарқий тоғли ҳудудлари, айниқса Иллам минтақаси энг кўп талафот кўрган. Айрим қишлоқлар кўчкилар остида қолган, баъзи йўлларда жарликлар ҳосил бўлган.

– Бир оиланинг олти нафар аъзосини тунда кўчки босиб қолди, -деди минтақа маъмурияти вакили Бҳоланатҳ Гурагаи.
Кучли ёмғир туфайли қутқарув ишлари бироз секин кечмоқда. Йўллар ёпилган, баъзи туманларда транспорт бутунлай тўхтаган. Ҳарбийлар ва қутқарувчилар вертолётлар ёрдамида тиббий ёрдамга муҳтож фуқароларни эвакуация қилмоқда.

Табиий офат қўшни туманларга ҳам талафотлар етказган: уч киши чақмоқ уришидан, яна уч киши эса сув тошқинида ҳалок бўлган.
Кўплаб магистраллар, жумладан, пойтахт Катмандуни мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи асосий йўллар вақтинча ёпилди. Ички авиақатновлар ҳам об-ҳаво сабаб бекор қилинган.

Бу орада “Дашеин” миллий байрамини нишонлаб қишлоқлардан қайтаётган юз минглаб одамлар йўлларда қолиб кетган. Ҳукумат айрим йўлларни қисқа муддатга очиб, хавфсиз эвакуацияни давом эттирмоқда.
Қўшни Ҳиндистон Непалдаги фожеадан сўнг ёрдам таклиф этди.

– Непалда ҳаётини йўқотганлар учун чуқур қайғудамиз. Қўшни ва дўст сифатида ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз, — деб ёзди Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўзининг “Х” ижтимоий саҳифасида.
Ўтган йили Непалда ёғингарчилик ва кўчкилар оқибатида 224 киши ҳалок бўлганди. Иқлимшунослар бу йилги ёмғир мавсумини сўнгги ўн йилликдаги энг кучлилардан бири, деб атамоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА