Непал: офат қурбонлари сони 1 100 дан ошди
Непалнинг Хитой билан чегарадош Расува ҳудуди ва туташ вилоятларда содир бўлган даҳшатли сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 114 нафарга етди. Бу ҳақда "Reuters" агентлиги хабар бермоқда.
Табиий офат хавфини камайтириш ва оқибатни бартараф этиш миллий бошқармаси бедарак йўқолганлар сони 4 000 га яқинлашиб қолганини билдирган. Ҳозирга қадар 11 993 фуқаро хавфли ҳудуддан кўчирилди. Тезкор тадбирга 20 000 дан кўп хавфсизлик хизмати ходими ҳамда махсус вертолётлар жалб этилган.
Гидроэлектр станцияларида меҳнат қилаётган 947 ходимнинг тақдири номаълумлиги ҳам жиддий хавотир келтириб чиқарган.
Тоғ ҳудудини ривожлантириш халқаро маркази ва сейсмологлар охирги хулосасига кўра, 26 август куни юз берган фалокатга улкан муз бўлаги кўчиши ва кучли қор кўчкиси сабаб бўлган. Тошқин оқибатида инфратузилма, йўл ва кўприклар вайрон бўлган. Шу боис қутқарувчилар ГЭС ҳудудидаги ер ости йўлида қолиб кетган ёки сув оқизиб кетган ишчиларга етиб боришда мислсиз қийинчиликка дуч келмоқда. Бу ҳолат жабрланганларнинг яқинлари томонидан эътироз ва норозилик келтириб чиқармоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА