“Нега қонун талабига менинг номзодим тўғри келмаяпти?”
Бир мурожаат изидан
Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги Новшаҳар маҳалласида яшовчи Эркин Ғаффоров ЎзАга электрон почта орқали йўллаган мурожаатида маҳалла фуқаролар йиғинида қонунлар ва Президентимиз фармонлари нотўғри талқин этилаётгани билдирган. Бу борада журналистик суриштирув ўтказиб ОАВга олиб чиқишда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаатни ўрганиш учун Новшаҳарга йўл олар эканмиз, маҳаллада қайси қонун ва фармонларни ким нотўғри талқин этиши мумкин, деган савол бизни ўйлантирди. Маҳалладаги 812 хонадонда 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 2 минг 912 нафари туркман, 1 минг 93 нафари ўзбек ва қолганлари рус, тожик, татар ҳамда қозоқ миллатига мансуб фуқаролар. Ҳудудда деҳқончилик, чорвачилик ва паррандачилик яхши ривожланган. Бироқ, қарийб бир йилдирки маҳалла раисини сайлаш билан боғлиқ масала ечимини тополмаётган экан. Маҳалла идорасида Эркин Ғаффоров билан суҳбатлашиб билдикки, бу ерда гап Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида» ги қонуни ижроси ҳақида кетаётган экан.
– Маълумотим ўрта-махсус. Тиббиёт коллежини тамомлаганман, – дейди Э.Ғаффоров. – Вақтинча ишсизман. Бунгача икки йил тумандаги Охунбобоев номли маҳаллада котиб бўлиб ишладим. Президентимизнинг 2019 йил 2 апрелдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармони қабул қилингач, тумандаги мавжуд 36 та маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиблари ишдан бўшатилди. Табиийки, улар орасида мен ҳам бор эдим. Гап шундаки, ўтган йили пойтахтдаги конфет ишлаб чиқариш заводида ишлаб юрган эдим. Ойлигим яхши. Жой, овқат бепул эди. Май ойида маҳалла раислигига сайлов бўлади, кел деб чақириб олишди. Келдим. Ҳужжат топширдим. Лекин, номзодим ўтмади.
– Сабабини айтишдими, – сўраймиз мурожаат муаллифидан?
–Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида» ги қонуни 16-,17- моддаларига асосан тавсия этилмаганимни маълум қилишди, – дейди у. – Лекин, аниқ сабабини айтишмади. Сайлов ҳам бўлди. Мен кузатиб турдим. Қонунга зид ўтди. Эргаш Нуров сайланди, дейишди. Кейин сайлаш бўйича ўтказилган фуқаролар вакилларининг 2- умумий йиғилиш баёни қарорини бекор қилишни сўраб, судга мурожаат қилдим. 2021 йил 21 июнь куни сайёр суд мажлисида қарор бекор қилинди. Бироқ, кўп ўтмай Э.Нуров вафот этди. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ раиси Ф.Нормурадов маъмурий жавобгарликка тортилди. Шу сабаб жамоатчилик асосидаги бу ишни топширди. Ўша ўтган йил апрель ойидан буён маҳалламизда раис йўқ. Сизга айтадиган бўлсам, давлат билан халқимиз ўртасидаги кўприк бузилган.
Э.Ғаффаровнинг айтишича, у шундан буён «давлат билан халқ ўртасидаги кўприк» ни тузаттириш мақсадида маҳаллага раис сайлашни сўраб, мурожаат этиб келган. Ижтимоий тармоқларга чиқарган. Аммо унга муносиб номзод топилмаяпти, дея жавоб беришган. Сайловни орқага суриб келишган.
–Маҳалла идораси билан қишлоқ оилавий поликлиникаси бир аҳволда бўлиб қолган эди. Уни ўтган йил май ойида ижтимоий тармоқда ёритганимдан сўнг биноларда ишлар бошланиб, кейин тўхтаб қолди. Ҳозир ҳам тугалланмаган. Бу ишларни бажариш учун ҳам маҳаллага раис, яъни, оёғи чаққон, қўли енгил ёш кадр керак, – дейди у куючаклик билан.
– Хўш, раис бўлмаса, унинг вазифасини ҳеч ким шу пайтгача бажариб турмадими, – сўрадик мурожаат муаллифидан?
–Яқинда бўлиб ўтган сайловда сайланган Байрам Жумаев вазифасини бажариб турган эди. Лекин, у бу ишларни охирига етказдира олмади, шекилли, –деб жавоб берди Э.Ғаффоров.
– Бу сафарги сайловга нега номзодингизни қўймадингиз?
–Эҳе, бу соҳанинг қонунини яхши биламан, – деди суҳбатдошимиз. –Байрам Жумаев менга номзодимни қўйишни таклиф этди. Ўзим истамадим. Унга эса «ноқонуний ўтадиган сайловга номзодимни қўймайман», деб айтдим.
–Бу сайловда қонунга зид қандай ҳолат бўлди?
–Менимча вакиллар йиғилиши ғайриқонуний ўтган. 269 вакилдан 26 киши қатнашган. Қонунда фуқаролар йиғини раиси сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади, деб белгилаб қўйилган. Шу ерда сизга бир гапни айтайин. Ҳали Охунбобоев маҳалласида котиб бўлиб ишлаб юрганимда раисимиз судланиб қолди. Шундан сўнг туман ҳокимлигига мурожаат этиб, маҳаллада ободонлаштириш ишларини бажариш учун беш кишини вақтинча ишга жалб этдим. Бир куни денг, ўша пайтдаги туман ҳокими У.Турапов қўнғироқ қилиб, «ишчиларингни катта кўча бўйига олиб чиқ, барча маҳаллаларнинг ишчилари келяпти. Бугун шу ҳудудни ободонлаштирамиз», деб қолди. Нима деяпсиз, олиб бормайман ҳам, юбормайман ҳам, дедим гапни кесиб. «Нега», деб сўради ҳоким. Ўзингиз келиб, уларнинг жавобгарлигини бўйнингизга олиш учун хат ёзиб берасиз, кейин боради, дедим. Ҳоким шартта гўшакни қўйиб қўйди. Хуллас, шу куни тумандаги 35 та маҳалла ишчилари бориб катта кўча бўйида меҳнат қилди. Бизнинг ишчилар бормади. Эҳ-ҳа, котиблигимда электр ток кучланишидан одамларнинг куйган электр ҳисоблагичларини елиб-югуриб, алмаштириб ҳам берганман.
Сайлов ҳақида гапирадиган бўлсам дея сўзини давом этди Э.Ғаффоров. Ҳа, ўтган йил 28 декабрдаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови бўйича ўтказилган фуқаролар вакиллари йиғилишининг 2-қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб, Термиз туманлараро маъмурий судига ариза бердим. Қарор бекор қилинди. Қонунни нотўғри талқин қилишаяпти, деб ёзаётганим Байрам Жумаев ҳам олий маълумотли эмас. Мендек ўрта-махсус маълумотга эга. Бироқ, нега унинг номзоди маҳалла раислигига тўғри келадию, мен тўғри келмаяпман? Мурожаатларим юзаки ўрганилаяпти, дейишга ҳақлиман.
Ноҳақ бўлсам, нега судда уларнинг бари исботланиб менинг фойдамга қарор чиқарилмоқда? Энг қизиғи, нега қонун талабига менинг номзодим тўғри келмаяпти?
Биз Э. Ғаффаровнинг бу саволига ойдинлик киритиш учун Ангор тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ш.Ражабова билан суҳбатлашдик.
–Номзоди маҳалла раислигига Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонуни 16-,17- моддаларига асосан тавсия этилмагани маълум қилинган бўлса, лавозимга номзод кўрсатишда 16-моддада белгиланган тартиб бузилган бўлиши мумкин, – дейди Шоира Ражабова. – Ёки қонуннинг 17-моддасида белгиланган мезонлардан биронтаси етишмагандир. Масалан, номзоднинг хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибаси, ҳаётий тажрибаси, аҳоли орасида обру-эътибори ҳам инобатга олинадида. Қонунда олий маълумотга эга бўлиш қоида тариқасида, дейилган. Демак, фуқаро қонунда белгиланган барча талабларга жавоб берса, у олий маълумотга эга бўлмаса ҳам номзоди илгари сурилиши мумкин. Термиз туманлараро маъмурий суди ўтган йил 28 декабрдаги сайловни бекор қилибди. Балки, суднинг кейинги босқичларида “Новшаҳар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси сайлови бўйича ўтказилган фуқаролар вакиллари йиғилишининг ўша қарори қонуний, деб топилар.
Дарвоқе, мурожаат юзасидан маҳалла идорасида бўлганимизда “Новшаҳар” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари Малика Саидмаликова ҳам лўнда қилиб, мазкур сайлов ҳақида ўз фикрини билдирди.
–Сайловда ўзим қатнашолганим йўқ, – деди у. – Ўша куни ногиронларга, эҳтиёжманд оилалар учун келган бир марталик ёрдам пулларини тарқатган эдим. Иш билан бўлиб улгуролмадим. Байрам Жумаевни халқимиз сайлади. Чунки, уни барча яхши билади. Бировнинг дилини оғритмайди. Ишни яхши олиб боради. Оғир, босиқ. Ҳамманинг кўнглини топади. Мана, сайлов бўлиб ўтганига бир ойча бўлиб қолган бўлсада, бирон киши ҳали нега Байрам Жумаев сайланди, деб эътироз билдиргани йўқ. Демак, халқимиз орасида ҳурмати бор экан-да.
Биз мурожаатчи Э. Ғаффоров билан бу мавзуда анча суҳбатлашдик. Мурожаатчининг «нега қонун талабига менинг номзодим тўғри келмаяпти?» деган саволига фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси жўяли жавоб берса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири