“Нефтчи” яна карвонбошига айланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 10-туридан ўрин олган сўнгги учрашувлар ўз якунига етди.
Дастлаб, Фарғонада ўтган “Водий дербиси”да “Нефтчи” 4:0 ҳисобида “Қўқон-1912” жамоасини таслим этган бўлса, "Қизилқум" – "Хоразм" баҳсида ҳисоб очилмади. Турнинг охирги ўйинида “Бунёдкор” 2:1 ҳисобида “Навбаҳор” жамоасини таслим этди.

Қайд этилган натижалардан сўнг, "Нефтчи" очколарини 27 тага етказиб, яна Суперлига пешқадамига айланди. "Пахтакор" 25 очко билан иккинчи ўринга тушиб қолган бўлса, "Бунёдкор" ва "Навбаҳор" 19 очко жамғариб, голлар нисбатига кўра 3-4 поғонани банд этди.
Шунингдек, "Бухоро" 17, ОКМК 15, "Локомотив" 14 очко билан 5-7 ўринларни эгаллади. Ҳисобида бир хил - 13 очкодан бўлган "Насаф", "Қизилқум", "Хоразм" ва "Андижон" жамоалари голлар нисбатига кўра, 8-11 ўринларга тақсимланди. "Сурхон" 11, "Сўғдиёна" 9, "Динамо" ва "Қўқон-1912" 8 очко, "Машъал" эса қаторасига 10 та мағлубият эвазига жадвалнинг қуйи ўринларида қолмоқда.

Ўтган 10 тур мобайнида Люпчо Дориев ("Сўғдиёна") 7 та гол уриб тўпурарлар орасида пешқадамга айланди. Достонбек Ҳамдамов ("Пахтакор") ва Стефен Чинеду ("Сурхон") 6 та гол билан кучли учликни якунлаб бермоқда.
Мазкур турдаги учрашувлар орасида энг кўп мухлис “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” баҳсига ташриф буюрди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Водий дербиси”ни стадиондан кузатиш учун “Истиқлол” стадионига 14 минг 68 нафар футбол ихлосмандлари келди.

Ўзбекистон Суперлигасининг 11-тур ўйинлари 2-4 май кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги баҳсларга гувоҳи бўламиз:
2 май: "Динамо" — "Машъал", "Бухоро" — "Сўғдиёна";
3 май: "ОКМК" — "Нефтчи", "Қўқон-1912" — "Бунёдкор", "Сурхон" — "Пахтакор";
4 май: "Хоразм" — "Андижон", "Локомотив" — "Қизилқум", "Насаф" — "Навбаҳор".
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА