«Нефтчи» муҳим ўйинда ғалаба қозонди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 17-туридан ўрин олган «Нефтчи» – «Олимпик» баҳсида 3:0 ҳисоби қайд этилди.
Фарғона шаҳридаги «Истиқлол» стадионида ўтказилган ушбу ўйинда мезбонлар таркибида Азизбек Амонов дубль қилган бўлса, Нсунгиси Эффионг битта голга муаллифлик қилди. Шу тариқа, «Нефтчи» ушбу йирик ғалабадан сўнг очколарини 26 тага етказиб олди, «Олимпик» эса 20 очко билан қолди.
Шунингдек, «Металлург» яна «ОКМК» спорт мажмуасида ўтган ўйинда мағлубиятга учради. Ушбу жамоа бу сафар «Динамо» клубига 1:0 ҳисобида енгилди. Мазкур натижадан сўнг «Динамо» ҳисобидаги очколар 20 тага етди. «Металлург» ҳамон 10 очко билан қолмоқда.

Бугун, 25 август куни Суперлиганинг 17-тур доирасида иккита учрашув бўлиб ўтади. Аниқроғи, «Локомотив» ўз майдонида маҳаллий вақт билан соат 18:00 да «Қизилқум»га қарши ўйин ўтказади. Қаршида эса «Насаф» – «Андижон» ўйини бўлиб ўтади. Учрашув соат 20:00 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА