“Назм ва наво” ойлиги ўтказилмоқда
Андижондаги умумтаълим мактабларида февраль – “Назм ва наво” ойлиги, деб эълон қилинди.
Ойлик давомида буюк аждодларимиз сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунларига бағишланган адабий, маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, мушоира ва шеърият кечалари ўтказилиши белгиланди.
– Ойлик доирасида вилоятдаги умумтаълим мактабларида янгича ғоялар, маданий дастурлар асосида тарғибот тадбирлари ўтказилади, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов. – Бундан кўзланган асосий мақсад, ўқувчи ёшлар қалбида миллий қадриятларимизга, улуғ аждодларимиз ҳаёти ва ижодига ҳурмат-эҳтиром, улардан фахрланиш ҳамда она Ватанга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлашдир.
Бундан ташқари, ойлик давомида ўқувчилар ўртасида иншолар, расмлар танловлари ўтказилади. Шунингдек, халқ таълими бошқармасининг телеграмм ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги каналлари орқали мушоира, ғазалхонлик бўйича челленжлар ташкил этилади.
Хўжаобод туманидаги 28-умумтаълим мактабида ўтказилган “Ғазалхонлик кечаси”да ўқувчилар Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида кенг маълумотлар олди. Ижодкор ўқувчилар томонидан улуғ ижодкорларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид саҳна кўринишлари намойиш этилиб, уларнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.
Ўқувчи ёшларнинг адабиётга, шеъриятга бўлган қизиқиши, улуғ алломаларга бўлган ҳурматини юксалтиришга қаратилган “Назм ва наво” кечалари вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида бўлиб ўтмоқда.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА