Тарих чархпалаги миллат бошига шундай оғир синовларни солганки, унда нафақат давлат чегаралари, балки халқнинг мавжудлиги ҳам хавф остида қолган. 1512 йилнинг ёз чилласида Турон осмонида ана шундай қора булутлар пайдо бўлган эди. Тарихчи Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асаридаги гувоҳликлар ўша давр нафасини бугунги кунгача етиб келишини таъминлади. Асар саҳифаларидан маълум бўлишича, сафавийлар қўмондони Нажми Соний саксон минг кишилик қўшин билан Амударёдан ўтиб, Самарқанд томон юриш бошлайди. Муаррихнинг таъбири билан айтганда, бу лашкарнинг зирҳ ва қурол-яроғлари кўплигидан улар “темир тоғи”ни эслатарди. Босқинчининг мақсади фақат ҳудудни эгаллаш эмас, балки маҳаллий аҳоли руҳини бутунлай синдириш бўлган. У Самарқандни текислаб, ўрнида қовун экиш ва ҳосилини Эрон шоҳига юбориш, сўнгра Хитойгача юриш қилиш даъвоси билан лоф урарди.
Бу машъум хабар Самарқанд аҳлига етиб боргач, кўпчиликни умидсизлик эгаллайди. Ҳатто замонасининг йирик уламоларидан бўлган мавлоно Хожа Табризий ҳам толиби илмларни тўплаб, омон қолиш учун Ҳиндистонга бош олиб кетиш тараддудини кўради. Бироқ, тақдир йўриғи бошқа эди. Восифийнинг ёзишича, ўша тунда кўрилган туш – осмондан сут (маърифат ва имон рамзи) ёғилиши уламоларни фикридан қайтаради. Улар Ватанни ташлаб қочиш эмас, балки шу тупроқда қолиб, маънавий куч билан ғалабага ҳисса қўшишга қарор қиладилар. Бу воқеа халқ руҳиятида синиш эмас, аксинча, ички бир сафарбарлик бошланганидан далолат берарди.
Жанггоҳлардаги вазият эса ғоят қалтис тус олганди. Қизилбошлар Қарши шаҳрини эгаллаб, аҳолини аёвсиз қирғин қилади. Бу хунрезлик хабари Убайдуллахонни чуқур изтиробга солади. Лашкарнинг озлиги ва душманнинг ҳаддан ташқари кўплиги ҳар қандай саркардани ҳам иккилантириб қўйиши табиий ҳол. Шундай таҳликали паллада маънавий пирларнинг ўрни нақадар муҳимлиги яққол намоён бўлади. Амир Сайид Абдулла (Мир Араб) тушкунликка тушган хонга қарата Қуръони Каримдаги кўпинча кичик гуруҳ катта гуруҳ устидан ғалаба қозонади мазмунидаги оятларни эслатиб, уни жангга руҳлантиради. “Бола йиғламаса, ҳалвофуруш ҳалво бермайди” қабилидаги мажозий танбеҳ билан хонни ҳаракатга чорлайди. Пировардида, Убайдуллахон ва Жонибек султонлар ўз қўшинларини қайта тизиб, ватан ҳимояси учун ҳал қилувчи жангга киришадилар.
Душман қўноғида эса буткул ўзгача манзара ҳукм сурарди. Нажми Сонийнинг кибру ҳавоси фалакка етган, у ўзини аллақачон ғолиб деб ҳисобларди. Ғиждувон қалъаси қамал қилинган бир пайтда, у шатранж ва нард ўйнаб, айш-ишрат билан банд эди. Тарихчи Восифий унинг атрофидаги муҳитни тасвирлар экан, саройдаги лаганбардор шоирлар ва моҳир шатранжбозлар ҳақида батафсил тўхталади. Душман саркардаси ҳарбий кенгаш ўрнига ўйин-кулги мажлисларини афзал биларди. Унинг бу ғофиллиги ва чексиз такаббурлиги, охир-оқибат, ўз бошига етди. Ўзбек лашкари тўсатдан ҳужум бошлаганда, Нажми Соний ҳатто отга минишга ҳам улгурмайди. Восифий ёзганидек, “Такаббурлик билан арши аълога кўтарилган бош, йўлга тўшалган тошдек оёқости бўлди”.
Бу тарихий ғалабадан сўнг Туронда нафақат сиёсий барқарорлик, балки маданий уйғониш ҳам бошланди. Мамлакатда тинчлик ўрнатилгач, Бухоро ва Самарқанд яна илм-фан марказига айланди. Восифийнинг ўзи Самарқанддан Бухорога сафар қилар экан, шаҳарнинг муҳташам деворлари ва Улуғбек мадрасасининг салобатини ҳайрат билан тасвирлайди. Бухоро фақат маъмурий марказ эмас, балки шоирлар ва олимлар жамланадиган маърифат ўчоғи эди.
Убайдуллахоннинг шахсиятида ҳам фақат жангчи эмас, балки нозик дидли адабиёт ҳомийси гавдаланади. Восифий ўз қасидаларини хонга тақдим этганда, ҳукмдор шеъриятнинг нозик қирраларини теран тушунишини намойиш этади. Хон шоирнинг истеъдодига тан бериб, унга юксак эҳтиром кўрсатади, от ва маблағ билан мукофотлайди. Айниқса, Восифийнинг Қуръон қироатидаги маҳорати ва хотирасининг кучлилиги ҳукмдорда чуқур таассурот қолдиради. Бу тарихий лавҳалар шуни кўрсатадики, ўзбек давлатчилиги тарихида қилич ва қалам доимо ёнма-ён юрган. Давлатни ҳимоя қилишда жасорат қанчалик зарур бўлса, миллат руҳини сақлашда маърифат шунчалик муҳим аҳамият касб этган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, 1512 йилги воқеалар шунчалик ҳарбий тўқнашув эмас, балки икки хил дунёқараш кураши эди. Бир томонда ўз кучига ишониб, халқларни менсимаган босқинчи, иккинчи томонда эса ўз тупроғи, дини ва ори учун бирлашган халқ турарди. Нажми Сонийнинг мағлубияти – тарихнинг ўзгармас қонуниятидир: зулм ва кибр қанчалик кучайгани билан, адолат ва маърифат олдида барибир ожиз қолаверади. “Бадоеъ ул-вақоеъ” асари эса бизга ана шу буюк ҳақиқатни эслатиб туради.
Алишер Эгамбердиев, ЎзА