Назарий билимни амалиёт билан уйғунлаштириш имконияти кенгайди
ФОТОРЕПОРТАЖ
“Bereket Kimyo Agro” қўшма корхонасида Бухоро давлат университети Агрономия ва тупроқшунослик кафедраси филиалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу муҳим ташаббус таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш, талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда аграр соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда университет раҳбарияти, соҳанинг тажрибали мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда корхона вакиллари иштирок этди.
[gallery-29430]
Таъкидланганидек, янги филиал фаолияти орқали талабалар назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, илмий тадқиқотларни ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш ва аграр соҳада инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш имкониятлари янада кенгаяди. Бу эса ўз навбатида юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.
Тадбир доирасида университет ва корхона ҳамкорлигида ишлаб чиқилган икки турдаги инновацион маҳсулот тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур маҳсулотлар қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи замонавий дастур лойиҳаси ҳам жамоатчиликка тақдим этилди. Ушбу дастур ёш мутахассисларни амалиёт асосида тайёрлаш, илмий изланишларни ишлаб чиқариш билан боғлаш ҳамда инновацион технологияларни соҳага кенг татбиқ этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Якунда иштирокчилар мазкур ҳамкорлик аграр соҳада илмий салоҳиятни ошириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА