Назарий билимлар амалиётда мустаҳкамланади
Навоий юридик техникумининг Янги ўқув-амалиёт блоки реконструкция қилиниб, ўқувчилар ихтиёрига топширилди.
Унда хоналарнинг ҳар бири инновацион технологиялар асосида жиҳозланиб, эндиликда ўқувчилар назарий билимларини амалий машғулотлар ёрдамида мустаҳкамлайди. Хусусан, суд амалиёти, давлат хизматларини кўрсатиш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, компьютер технологияларини ўзлаштириш хоналарида мазкур йўналишдаги давлат органи, ташкилот ва муассасалар муҳити акс эттирилган.
– Ўқув даргоҳимизда ташкил этилган инновацион хоналар, мен сингари кўплаб тенгдошларимга ҳуқуқий билимларимизни янада ошириш учун жуда катта имконият бўлди, – дейди техникум ўқувчиси Сайфулло Сайфиддинов. – Масалан, суд амалиёти хонасида суд процессларини тўғри ташкил этиш, олиб бориш тартиби, адолатли қарор чиқаришдаги муҳим жиҳатларни ўз кўзимиз билан кўрамиз ва жараёнда бевосита иштирок этамиз. Бошқа инновацион хоналар ҳам бизга ана шундай имкониятларни беради.
Навоий вилоят юридик техникумида ҳам бугун 500 нафарга якин ўқувчи замон талаблари асосида таҳсил олмоқда.
Юридик техникумларида ўқитиш тизими жаҳон стандартларига тенглаштирилиб, ўқув жараёнлари инновацион технологиялар асосида олиб борилиши келажакда малакали мутухассислар тайёрлашга хизмат қилади.



Абдували Бўриев, ЎзА