Найза ва босқон улоқтириш бўйича атлетлар баҳси қизғин паллада
Тошкент шаҳрида енгил атлетиканинг улоқтириш турлари бўйича ўтказилган Республика турнири бу йил ҳам иқтидорли ёшларни кашф этиш ва уларнинг спорт маҳоратини оширишга хизмат қилди.
Турнир доирасида босқон ва найза улоқтириш йўналишларида U18 ва U16 ёш тоифаларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
18 ёшгача бўлган йигит ва қизлар ўртасидаги босқон улоқтиришда Дилноза Кубаева 44.41 метр натижа билан олтин медални қўлга киритди. Ўғил болалар ўртасида эса Муҳаммадазиз Носиров 70.97 метр кўрсаткич билан чемпионга айланди.

U16 ёш тоифасида Бобур Холжигитов 59.53 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Унинг ортидан Амал Гулямов (30.14 метр) ва Бахтиёр Ҳотамов (29.42 метр) жой олди. Қизлар ўртасидаги баҳсларда Дилноза Мукаррамова босқонни 44.63 метрга улоқтириб мусобақа ғолиби бўлди. Севинч Бозорбоева (40.05 метр) ва Дурдона Абдувосиева (34.01 метр) кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди.

Мазкур ёш тоифасидаги найза улоқтириш беллашувларида Диана Эргашева, Дурдона Жуманқулова ҳамда Мубинахон Неъматжонова шоҳсупага кўтарилган бўлса, ўғил болалар ўртасида Умар Раҳимжонов, Эгамберди Музаффаров ва Давронбек Муратбоев ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бу каби мусобақалар ёшлар ўртасида енгил атлетиканинг улоқтириш турлари янада оммалашиши, келгусида халқаро майдонларда муносиб натижа кўрсата оладиган спортчилар захираси шаклланишига хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА