
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз Наманган вилояти Давлатобод туманида ҳам катта тантана билан нишонланди.
“Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган байрам сайли туман аҳли ва меҳмонларни “Афсоналар боғи” тематик паркида жамлади.
Дастлаб вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳудудларнинг ўзига хос жиҳатларини намоён этган байрам декорациялари, миллий ҳунармандчилик буюмлари, баҳорий таомлар кўргазмаларини кўздан кечирди. Вилоят аҳлини шарқона янги йил – Наврўз байрами билан самимий қутлади.
[gallery-11092]
Бу йилги байрам барча шаҳар ва қишлоқларимизда умумхалқ сайиллари тарзида ўтаётгани, эзгу амаллар бугун вилоятнинг ҳар бир маҳалласига кўчгани, халқимиз катта хурсандчилик билан Наврўзга пешвоз чиқаётгани қайд этилди.
Вилоят ҳокими наманганликларни 30 апрель куни юртимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир – “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий Қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чақириб, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури устувор мақсад қилиб олинган янги Конституция халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлиши билан аҳамиятли эканлигига эътибор қаратди.
Байрам тадбирида элимиз суйган хушовоз хонандалар ижросидаги дилрабо тароналар, кўнгилочар дастурлар, бадиий ҳаваскорлик ва фольклор жамоаларининг чиқишлари барчага байрамона кайфият, кўтаринкилик бахш этди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА