
Янгиланиш, яшариш айёми – Наврўз байрамига бағишланган тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат марказида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” шиори остида сумалак сайли билан бошланди. Унда иштирокчилар улуснинг улуғ куни Наврўз байрамида халқимизга тинчлик, тотувлик, ҳамжиҳатлик тилаб, яхши ниятлар билан сумалак таомини тайёрлади. Унда Педагогик маҳорат маркази жамоаси ҳамда кафедра ва бўлим бошлиқлари, профессор-ўқитувчилар, тингловчилар байрам иштирокчиларининг қувончига шерик бўлди ва ўзларининг эзгу тилакларини билдирди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 февралдаги “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда кенг нишонланмоқда. Мамлакатимизда турли соҳаларда, жумладан, таълим тизимида амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар Наврўзнинг инсонпарварлик, азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди. Байрам арафасида барча ҳудудларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Буларнинг барчаси жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувликнинг, юртимизда яшаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш қилинишининг самараси эканлиги алоҳида таъкидланди.
[gallery-22370]
Байрам тадбирида миллий таомлар, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган уй-рўзғор буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, миллий спорт ўйинлари ўтказилди. Педагогик маҳорат маркази жамоаси ва тингловчилар томонидан тайёрланган концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Очиқ осмон остида ўтказилган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.
Наврўз байрамига бағишланган халқ сайлида иштирокчилар миллий куй-оҳанглар оғушида ҳар бир кафедра томонидан бир-бирини такрорламайдиган тарзда тайёрланган миллий таомлар ва буюмлар, турли ҳунармандчилик намуналари ўрин олган кўргазмаларни томоша қилди.
Эрта тонгдан сумалак тайёрланган катта дошқозон профессор-ўқитувчилар иштирокида эзгу ниятлар билан очилди. Ёши улуғ устозлар фотиҳага қўл очиб, эзгу тилакларини билдирди.
Байрам тадбири доирасида ўтказилган спорт мусобақаси, турли танловлар ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Педагогик маҳорат маркази ўтказилган Наврўз турли миллат вакилларининг қадим анъаналарини улуғлаш, тарғиб этиш билан бирга, жамоадаги аҳиллик, ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА