Наврўз — эзгулик ва меҳр байрами
Наврўз табиат уйғониши, инсон қалбида янги орзу-умидлар ва пок ниятлар бошланишидир. Бу байрам асрлар давомида халқимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутиб, нафақат фасллар алмашинувини, балки руҳий ва маънавий янгиланишни ҳам ифода этади.
– Қадимги зардуштийлик динининг муқаддас китоби “Авесто”да баҳор ҳаётнинг қайта тирилиши, ернинг уйғониши, нур ва иссиқлик ғалабаси сифатида талқин қилинади, – дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов. – “Наврўз” сўзи форсчадан таржима қилинганда, “янги кун” маъносини англатади ва унинг тарихи 3 минг йилдан зиёд даврга бориб тақалади. Марказий Осиё, Эрон ва Афғонистонда кенг нишонланиб келаётган бу байрам инсониятнинг энг қадимий ва барҳаёт анъаналаридан биридир.

Юнон муаррихи Страбон ҳам милоддан аввалги I аср охири ва милодий I аср бошларида ёзган “Geographica” асарида Шарқ халқларининг баҳор айёмлари ва табиат уйғониши билан боғлиқ умумхалқ байрамлари ҳақида сўзлайди.
Ҳар йили баҳор келиши, тун ва кун тенглашадиган кун — 21-март атрофида баҳор гўзаллигини тараннум этувчи Наврўз шодиёналари ва фестиваллари Республикамизнинг барча ҳудудларида, шу жумладан Сирдарёда ҳам кенг нишонланади.

Вилоятнинг Ховос, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бу йил ҳам Наврўз умумхалқ шодиёнаси сифатида ўтказилди. Туман марказларида ташкил этилган байрам тадбирлари эса иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди. Ховос туманидаги Болалар спорт мактабидаги болалар ва ёшлар анъанавий ўйинлар ва спорт беллашувлари орқали ўз маҳоратларини намоён этишди.
Оқолтин туманида эса сумалак, ҳалим ва кўк сомса тайёрлаш жараёнлари ташкил этилди. Бу жараёнларни нафақат катталар, балки болалар ҳам катта завқ билан томоша қилишди. Сирдарё шаҳридаги Ўзбекистон-Хитой дўстлик боғи ва Ширин шаҳри Ором истироҳат боғида эса халқ ўйинлари — арқон тортиш, кураш ва “оқ теракми — кўк терак” беллашувлари ташкил этилди. Дорбозлик чиқишлари ва фольклор ансамбллар ижросидаги қўшиқлар байрамона кайфиятни янада юксалтирди.

– Наврўз байрами ва Наврўз фестивали доирасида ўтказилган маданий-маърифий тадбирлар нафақат миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш, балки ёш авлодни маънавий, бағрикенглик руҳида тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Мурод Ҳайитов.
Наврўз Фестивали доирасида очиқ осмон остида турли маданий ва ижтимоий лойиҳалар тақдим қилинди: “Мумтоз наволар” анъанавий санъат намойишлари, “Дўстлик дастурхони” турли миллатлар вакиллари иштирокидаги, шунингдек,“Маърифат боғи” китобхонлик ва маърифий тадбирлар ўтказилди. Бундан ташқари, “Баҳодирлар ўйини” ва “Самодаги орзулар” болалар ва ёшлар учун интерактив кўргазмалар ва ўйинлар ташкил этилди.

Фестивалда республикамизнинг таниқли санъаткорлари, ёш эстрада хонандалари ва шоирлар иштирок этишди. Улар сирасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фароғат Ҳудойқулова, Ўзбекистон халқ артистлари Гавҳар Зокирова ва Мансур Тошматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова ва Турғун Бекназаров, шунингдек, ёш истеъдод эгалари Азиз Ражабий ва Бекзод Исоқовларнинг чиқишлари иштирокчиларга байрамона кайфият ва кўтаринки руҳ улашди.
– Биласизми, Наврўз инсон қалбини янгилайди, одамларни яқинлаштирадиган айём, – дейди Ховос туманидаги байрам тадбирида иштирок этган меҳнат фахрийси Шербўта Пиримқулов. – Илгарилари ҳам Наврўзни катта интизорлик билан кутардик. Бугун эса энг қувонарлиси шундаки, ёшларимиз миллий қадриятларимизни асраб-авайлашмоқда.
Хотин-қизлар фаоли Барно Пардаева фикрича, Наврўз орқали фарзандларга меҳнатсеварлик, бағрикенглик ва катталарни ҳурмат қилиш каби инсоний фазилатлар сингдирилади. Тиббиёт ходими Гулнора Улуғова эса баҳор фасли ва табиат қўйнидаги сайиллар инсон руҳиятига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири