Наволардаги барҳаёт умр
Миллий мақом санъатимиз доим жаҳон аҳлини ҳайратга солган.
Беқиёс санъатимизни таълимот сифатида чуқур тадқиқ этиш, уни мумтоз санъатнинг чин мухлисларига муносиб тарзда тақдим этишда фидойи устоз Юнус Ражабийнинг ҳиссалари катта. Бетакрор хонанда ва созанда, ўзбек мусиқа меросини тўпловчиси таваллудига 125 йил тўлди.
Устазода санъаткор Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги эдилар. Манбаларга кўра, пойтахтнинг Чақар маҳалласида туғилган Юнус Ражабий мадрасада, сўнг Туркистон халқ консерваториясида, Тошкент Олий мусиқа мактабининг тайёрлов курси, Москвада ташкил этилган бастакорлар курсида таълим олган. Дутор чалишни Мирза Қосимдан, кейинчалик ўзбек мумтоз мусиқа меросини Ш.Шоумаров, Ҳожи Абдулазиз, Тўйчи ҳофиз, Домла Ҳалим Ибодовдан ўрганган.
Самарқанд педагогика билим юртида мусиқа ўқитувчиси, Самарқанд театрининг мусиқа раҳбари, Ўзбекистон радиокомитети қошидаги халқ чолғу асбоблари ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари, Янгийўл театри мусиқа раҳбари, Ўзбекистон телерадиосининг “Мақом” ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари бўлиб ишлаган.
Санъатшуносларга кўра, устоз ёшлигиданоқ ширали ва таъсирчан овозга эга бўлган истеъдодли хонанда ва моҳир созанда сифатида танилган. Унинг репертуаридан мақом парчалари, “Гиря”, “Ушшоқ”, “Кўча боғи”, “Эшвой”, “Қаландарий”, “Гулёр-Шаҳноз”, “Баёт”, “Дугоҳи Ҳусайний”, “Чоргоҳ”, “Мискин”, “Насруллойи” каби ашула ва куй туркумлари ўрин олган.
У бир қанча қадимий ўзбек халқ куй ва ашулаларини қайта ишлаб тиклаган. “Субҳидам”, “Ёлғиз”, “Сайқал”, “Фиғон”, “Ораз”, “Беги Султон” кабилар шулар сирасидан. Ижрочилик фаолиятини бастакорлик билан биргаликда олиб борган Юнус Ражабий ўзбек мусиқали драмасининг шаклланишига муҳим ҳисса қўшган. Дастлаб “Фарҳод ва Ширин” (Хуршид, Ш.Шоумаров билан ҳамкорликда), “Лайли ва Мажнун” (Хуршид), “Рустам” (У.Исмоилов), “Аваз” (А.Ҳидоятов), “Холисхон” (Ҳамза) каби спектаклларга халқ ашулалари асосида куйлар басталаган.
Кейинчалик Б.Надеждин билан ҳамкорлиқда “Қасос” (А.Умарий, Уйғун), Н.Миронов билан “Қўчқор Турдиев” (С.Абдулла, Чустий), Г.Мушель билан “Муқанна” (Ҳ. Олимжон), О.Ҳалимов билан “Нодира” (С.Қосимов, Я.Маматхонов), Б.Зейдман билан “Ўғил уйлантириш” (Ҳ.Fyлом), Сайфи Жалил билан “Навоий Астрободда” (И.Махсумов) сингари мусиқали драмаларни яратган. У “Зайнаб ва Омон” операсининг (Б.Зейдман, Д.Зокиров ва Т.Содиқовлар билан) ёзилишида иштирок этган.
Юнус Ражабий, шунингдек, “Фабрика ялласи”, “Бизнинг даврон”, “Мирзачўлда туй”, “Ўзбекистон”, “Янграсин Гулёр”, “Дугоналарга”, “Қадаҳ”, “Кошки”, “Гул сочар”, “Жудо”, “Раъноланмасун”, “Чапандоз”, “Куйгай” каби қўшиқ ва ашулалар, “Ўйин Баёти”, “Ўйин Дугоҳи”, “Пахта” сингари рақс куйларини яратган.
Олимлар фикрича, Юнус Ражабийнинг, айниқса, ўзбек мусиқа меросини тўплашдаги хизматлари катта. У 1935 йилдан халқ, куй ва ашулаларини нотага ёза бошлаган. Натижада Е.Романовская ва И.Акбаров тузган “Ўзбек халқ қўшиқлари” тўпламидан Юнус Ражабий нотага олган 29 та халқ мусиқа намунаси ўрин олган. 1955 – 59 йилларда Юнус Ражабий 5 жилдли “Ўзбек халқ мусиқаси” (И.Акбаров таҳририда) тупламини нашр эттирди. Унга мингга яқин турли жанрдаги ўзбек, шунингдек, бир қанча тожик, уйғур куй ва ашулалари, Бухоро Шашмақоми, Фарғона — Тошкент мақом йўллари, катта ашулалар, 20-аср бастакорлари (Ҳамза, К.Жабборов, Н.Ҳасанов, С.Калонов, Ф.Содиқов, Т.Жалилов, М.Мирзаев ва бошқа)нинг асарлари киритилган.
“Мақом” ансамбли билан ишлаши жараёнида Юнус Ражабий Шашмақомнинг 6 жилдли янги нашрини (Ф.Кароматов таҳририда) ҳамда граммпластинка ёзувлар мукаммал тўпламини (Тошкент граммёзувлар студиясида) тайёрлади.
Т.Содиқов, Д.Зокиров, Д.Соатқулов, Ф.Содиқов, Н.Ҳасанов, К.Жабборов, С.Калонов, К.Мўминов, О.Имомхўжаев, Б.Давидова, К.Исмоилова, О.Алимаҳсумов, Т.Алиматов ва бошқа санъаткорлар Юнус Ражабийнинг шогирдларидир. Юнус Ражабий Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1971), “Буюк хизматлари учун” ордени (2000) билан мукофотланган.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси қошидаги “Мақом” ансамбли, Жиззах мусиқали драма ва комедия театри, Тошкент мусиқа педагогика билим юрти, Тошкентдаги кўчалардан бири, метро бекати Юнус Ражабий номи билан юритилади. Унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Юнус Ражабий” , “Умр дафтари” фильмлари суратга олинган.
Юнус Ражабий 1957—76 йиллар яшаб ижод этган уйда 1997 йилда устоз уй музейи очилган. 2001 йил Юнус Ражабий маданият маркази ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида юртимизда мусиқа соҳасида ташкил этилган Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбек миллий мақом маркази устоз санъаткор ижодини кенг ва батафсил ўрганишда, тарғиб этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимизда мақом санъатини янада оммалаштириш, уни изчил ривожлантириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар устоз санъаткор Юнус Ражабий меросини асраб-авайлаш, унинг бардавомлигини таъминлаш борасидаги юксак эътибор, эҳтиром, эътирофнинг ёрқин намунасидир.
Н.Усмонова, ЎзА