
Навоий шаҳрида “Алишер Навоий ва Шарқ Ренесанси” мавзусида IV халқаро симпозиум бўлиб ўтмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи давомида буюк бобомиз номи билан аталадиган Навоий вилояти маънавий тарбия, маърифий юксалиш йўлида барчага ўрнак бўлиши кераклигини таъкидлаб, 2025 йилни вилоятда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилишни таклиф этган эди. Ушбу ташаббус доирасида республика танлови ва навоийхонлик кечалари ўтказилиши, ёшларбоп китоблар чоп этилиши, шоир асарлари бўйича фильмлар тайёрланиши, Янги Навоий шаҳарчасида муҳташам ҳайкал ва музей барпо этилиши ғояси илгари сурилганди.
Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан ташкил этилган мазкур симпозиумда дунёнинг 20 га яқин давлатидан ташриф буюрган навоийшунос олимлар ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидан таниқли профессор-ўқитувчилар, ижодкор зиёлилар, маънавият соҳаси фидойилари иштирок этди.
Анжуманнинг ялпи мажлиси аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов давлатимиз раҳбарининг симпозиум иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб берди.
Президент табригида таъкидланганидек, “Бу мумтоз сиймо жаҳон адабиёти мезонларига, замон ва тарих синовларига тўла жавоб берадиган дурдона асарлар яратиб, нафақат ўзбек, балки барча туркий адабиётлар ривожига беқиёс ҳисса қўшгани ҳам юксак ҳайрат ва таҳсинга муносибдир.
...Айниқса, мутафаккир аждодимизнинг турли халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлаш, башариятнинг ёруғ келажагини биргаликда қуришга чорлайдиган ғоя ва қарашларининг аҳамияти ҳозирги таҳликали даврда тобора ортиб бормоқда.
Бугунги кунда биз Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни барпо этиш жараёнларида Алишер Навоий асарларини ўзимиз учун битмас-туганмас куч-ғайрат ва илҳом манбаи деб биламиз. Шу боис бу ноёб маънавий бойликни чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш доимо эътиборимиз марказида бўлади”.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳозирги глобаллашув даврида маънавий тараққиётга эришиш, аждодларимиз яратган бетакрор илмий-ижодий меросни чуқур ўрганиш, уни халқимиз, айниқса, ёшлар онгига сингдириш муҳим аҳамиятга эга эканлигига алоҳида тўхталдилар.
– Шоир номи билан аталувчи Навоий вилоятида бундай йирик анжуманнинг ўтказилиши буюк сўз санъаткорига бўлган чексиз эҳтиром ифодасидир, – дейди навоийшунос олим, Озарбайжон Миллий илмлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти Озарбайжон-Осиё адабий алоқалар бўлими мудири Бедирҳан Аҳмедли. – Бу улуғ зотнинг асарлари Озарбайжон шоирлари учун ҳам илҳом манбаи бўлиб келган. Бизнинг юртда яшаб ижод этган қатор шоирлар ижодида буюк мутафаккирнинг улкан таъсирини сезиш қийин эмас. Бизда унинг асарлари таржима қилиниб, севиб ўқилади. Бугунги тадбирда “Алишер Навоий ижоди замонавий Озарбайжон адабиётшунослиги контекстида” номли маърузам билан иштирок этмоқдаман.
Албатта, Навоий ижодини ўрганиш ва уни тарғиб этиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Буюк мутафаккир асарлари турли тилларга мукаммал таржима қилинаётир.
АҚШнинг Принстон университети профессори Саид Ризо Ҳусейний ва Анқара шаҳридаги Бошкент университети профессори Абдураҳмон Гузел “Навоий шаҳар фахрий фуқароси” дея эътироф этилиб, уларга буни тасдиқловчи ҳужжатлар топширилди.
– Навоий шаҳрига биринчи бор келишим. Шаҳарнинг гўзаллиги ва одамларининг меҳмоннавозлиги менга жуда ёқди, – дейди Саид Ризо Ҳусейний. – Ҳозир АҚШнинг Принстон университетида дарс бераман ва тадқиқотлар билан шуғулланаман. Буюк ипак йўлининг инсоният тамаддунидаги аҳамияти борасида тадқиқот олиб бормоқдаман. Бу ҳудуд Буюк ипак йўли марказида жойлашган. Бугунги Алишер Навоий номи билан боғлиқ анжуманнинг ҳам айнан шу ерда ташкил этилишида ҳам рамзий маъно бор. Бугун бу ерда кўрган ва эшитганларимнинг тадқиқотларимга фойдаси тегади, деб ўйлайман.
Куннинг иккинчи ярмида симпозиум иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда тадбирларда иштирок этишди. Жумладан, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Республика олий ўқув юртларида Алишер Навоий ижодини ўқитишни янада такомиллаштириш” масалаларига бағишланган илмий-амалий семинар ўтказилди.
Навоий давлат университетида эса симпозиумнинг шуъба йиғилишлари бўлиб ўтди.
Навоийшунос олимлар 6 та шуъбага бўлиниб, буюк мутафаккир ижодини ўрганишда эришилган ютуқлар ва ечимини кутаётган масалалар хусусида фикр алмашдилар. Жумладан, мулоқотларда “Жаҳон навоийшунослиги: кеча, бугун, эртага”, “Шарқ Ренесанси: фан, адабиёт ва маданият”, “Алишер Навоий ва жаҳон тилшунослиги”, “Алишер Навоий ва адабий таъсир масалалари”, “Алишер Навоий: адабиёт, маънавият ва шарқона тафаккурнинг абадий сарчашмаси”, “Алишер Навоий ижодий мероси: илм-фан, маънавият ва маърифат муштараклиги” мавзуларида сўз юритилди.
– Навоий номи билан аталувчи шаҳарда халқаро конференция ўтказилаётгани шоир номига билдирилган ҳурмат-эҳтиром намунасидир, – дейди туркиялик навоийшунос олим Вахит Турк. – Туркияда Навоий асарларига алоҳида эътибор билан қаралиб, турк тилига таржима қилинган ва қилинмоқда. Менинг ўзим ҳам унинг 12 та асарини ўрганиб, таржима қилдим. Тадқиқ қилмоқдаман. Ёшларимиз ҳам Навоий ҳаёти ва ижодини кенг ўрганишга қизиқишмоқда. Навоий бутун турк халқининг қутб юлдузи. Бугунги тадбирда “Алишер Навоий кўнгил шоири” мавзусида маъруза ўқидим.
Симпозиум давомида таниқли олимлар, ижодкорлар вилоятдаги олий ўқув юртлари, таълим муассасалари, маҳалла ва ишлаб чиқариш корхоналарида бўлишиб, навоийхонлик, адабиёт ва китобхонлик кечаларида иштирок этишди.
– Жаҳон илм-фани тараққиётига мислсиз ҳисса қўшган икки Ренессанс даврида юртимиздан чиққан олим ва мутафаккирларнинг илмий кашфиётлари, адабиёт ва санъат аҳли томонидан яратилган бетакрор ижод намуналари рўйхатининг ўзи бир неча жилдлик китобни ташкил этиши айни ҳақиқатдир, – дейди Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов. – Айни вақтда ушбу улуғ зотларнинг орасида жавоҳирлар шодасида ўзгача ёғду таратувчи Кўҳинур олмосидек алоҳида ажралиб турадиган бир сиймо борки, у – туркий халқларни бирлаштирувчи маънавият яловбардори, ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси Ҳазрат Мир Алишер Навоийдир.
Дарҳақиқат, Мавлоно Абдураҳмон Жомий “замон ва маконни ўз измига бўйсундирган зот” дея таърифлаган, Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса “беназир шахс” дея юксак баҳо берган мумтоз шоир бобомизнинг шахсияти ва ижоди беш асрдан ортиқ муддатда соғлом тафаккур соҳиблари учун комиллик маёғи ва маҳорат мактаби вазифасини ўтаб келмоқда. Унинг ибратли ҳаёти, бунёдкорлик ишлари, мамлакат тинчлиги ва ободлиги йўлидаги жасорати ва ҳиммати, илм-фан, санъат ва маданият аҳлига кўрсатган ғамхўрлиги қанчалик ибратли бўлса, ҳар жиҳатдан ҳайратланарли улкан ижодий мероси ҳам бебаҳо сарчашма ҳисобланади. Мутафаккир шоир ҳақиқат ва адолатнинг оддий тарғиботчисигина эмас, балки фаол курашчиси бўлгани сабабли, унинг асарларида ўзининг бадиий ифодасини топган хулоса ва кузатувлар, мушоҳада ва мулоҳазалар ўзининг ҳаққонийлиги ва ҳаётийлиги билан бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотган эмас.
[gallery-21639]
“Алишер Навоий ва Шарқ Ренесанси” мавзусидаги IV халқаро илмий-назарий симпозиум давом этмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари