Навоийнинг “Зукко китобхон”лари
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Зукко китобхон” танловининг Навоий вилояти босқичи ўтказилди.
Юртимизда ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу мақсадларни амалга ошириш мақсадида 2022 йилнинг 19 январида “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилиниб, ёшлар ўртасида маънавият ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида “Зукко китобхон” танловини ўтказиш ҳам белгиланган эди.
[gallery-17293]
– Бугунги кунда ҳам аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бош мутахассиси Зафар Ниёзов. – Анъанага айланиб бораётган “Зукко китобхон” танлови вилоятимизда китобга меҳри баланд, мунтазам равишда китоб мутолаа қилаётган ёшларимиз кўп эканлигини, улар сони тобора ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Тан олиш керак, кейинги 2-3 йил ичида ёшларимиз орасида китоб ўқишга бўлган иштиёқ, қизиқиш ошмоқда. Буни бугун ўтказилаётган танловда ёшларнинг иштирокидан ҳам билса бўлади.
Танловда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан жамоалар иштирок этишди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўринни Қизилтепа тумани, 2-ўринни Ғозғон шаҳри ва 3-ўринни Хатирчи тумани жамоалари қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек, мусобақада фаол иштирок этган иштирокчилар муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари