Навоийлик хотин-қизлар Бўстонлиқда дам олди
Юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг саломатлигини тиклаш, уларнинг руҳий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилган амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Яқинда 150 нафар навоийлик эҳтиёжманд хотин-қизлар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги дам олиш масканларида соғломлаштириш ва мазмунли ҳордиқ чиқариш тадбирларида иштирок этди. Мазкур саёҳат нафақат дам олиш, балки иштирокчиларнинг маънавий ва руҳий тикланиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этди, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан амалга оширилди. Унга кўра, ҳар йили республика бўйлаб “Аёллар дафтари”га киритилган 50 минг нафардан ортиқ эҳтиёжманд хотин-қизларни соғломлаштириш, уларни ҳуқуқий, психологик ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш белгиланган. Шу орқали уларнинг ҳаётда ўз ўрнини мустаҳкамлашига кўмаклашилади.

Бугунги кунда ушбу дастур доирасида аёлларга нафақат моддий, балки маънавий ёрдам кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки инсоннинг руҳий ҳолати унинг келажакка бўлган ишончи ва интилишларида муҳим ўрин тутади.
– Турмуш ўртоғим вафот этганига 14 йил бўлди. Беш нафар фарзандимни ёлғиз тарбиялаб, вояга етказдим. Ҳозир уларнинг барчаси ўқитувчи. Бу саёҳатга биринчи марта чиқишим. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан жуда хурсандман. Яхши дам олиб, янги куч-қувват билан уйга қайтдик, – дейди Навбаҳор тумани Сарой маҳалласида истиқомат қилувчи Муқаддам Соҳибназарова.

Бундай тадбирлар тизимли равишда амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, вилоятдан ҳар йили минг нафарга яқин хотин-қизлар соғломлаштириш масканларига юборилиб, уларнинг жисмоний саломатлиги билан бир қаторда маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Аҳамиятлиси, бу каби амалий ишлар орқали хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва ўз имкониятларини рўёбга чиқаришига кенг йўл очилмоқда. Зеро, аёлларнинг бахтли ва фаровон ҳаёти жамият барқарорлиги ва тараққиётининг муҳим омилидир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири