Навоийга руҳ берган она тилим
Тилшунос олимларнинг таъкидлашича дунёда етти мингга яқин тиллар мавжуд бўлиб, шулардан икки юзтасигина давлат тили ёки расмий тил ҳисобланади. Яна шундай тиллар борки улар билан саноқли одамлар муомалага киришадилар.
Ўзбек тилининг давлат тиллари қаторидан жой эгаллаши унинг луғавий бойлигидан далолат беради. Таъкидлаш ўринлики бугунги кунда дунёда эллик миллиондан ортиқ одамлар ўзбек тилида мулоқотга киришадилар.
Навоийга руҳ берган, Бобур соғинчини ифодалай олган, Машраб, Нодира, Увайсий шеъриятининг ширадорлигига ҳисса қўшган она тилимиздир.
Туркий халқларнинг дастлабки қомусий луғати ҳисобланган «Девону луғотит турк» буюк мутафаккир аждодимиз Маҳмуд Қошғарий томонидан битилган. Ўн асрдан ошдики ушбу битик ўз қадрини, қимматини заррача йўқотмади. Аксинча, уни истовчилар, унга интилувчилар, унинг саҳифаларидан руҳ, куч олувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда. Навоий бобомиз эса туркий тилни ҳақиқий халқ тилига айлантирди, она тилимизни сайқаллаб борди. Мутафаккирлар ичида энг кўп сўздан фойдаланган Алишер Навоий тилимиз қудратини бутун оламга намоён эта олган шахсдир.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни. Бу сана Тошкент шаҳридаги Беларусь – Ўзбекистон қўшма тармоқлараро амалий техник квалификациялар институтида ҳам кенг нишонланди. Таъкидлаш жоиз, ушбу олий ўқув даргоҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Институтда талабалар машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришлари ускуналари ва уларни автоматлаштириш, тракторсозлик, пайвандлаш ишлаб чиқариши ускуна ва технологиялари, метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти, интеллектуал қурилмалар, машиналар ва ишлаб чиқариш, компьютер мехатроникаси, саноат корхоналарининг инновацион лойиҳаларини бошқариш, хизмат кўрсатиш соҳаси (автомобиллар), транспорт логистикаси, бино ва иншоотларнинг иссиқлик-газ таъминоти ва вентиляцияси, биотехник ва тиббий аппаратлар ва тизимлар йўналишлари бўйича таҳсил олишмоқда.
Сана муносабати билан институтда “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда “Маърифат тарғиботчилари жамияти” аъзолари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Илм-фан ва инновациялар бўлими бошлиғи, фалсафа доктори, Турон Фанлар академияси академиги Гулжаҳон Мардонова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси доценти, филология фанлари номзоди, шоир Мансур Юнусовлар иштирок этишди.

Учрашув меҳмонлари ўзбек тилининг ҳуқуқий мақомини белгилашда енгиб ўтилган қийинчиликлардан тортиб ҳозирги кунда тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда давлат тилини янги поғонага олиб чиқиш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этдилар.
Тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқейини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолишига эътибор қаратилди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш учун уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига киритишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарурлиги ҳамда ҳар биримиздан она тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этиши таъкидланди.
Даврага йиғилган талабалар, ўқитувчилар жонли мулоқотга киришиб, қизғин тусдаги савол-жавобларга гувоҳ бўлдилар.
ЎзА