Навоийда вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди
Навоийда 2016 йил якунлари ва 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Навоийда 2016 йил якунлари ва 2017 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими Қ.Турсунов бошқарган йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган изчил ишлар самарасида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10 триллион 5 миллиард сўмни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан 5,9 фоиз, жумладан, ҳудудий саноат маҳсулотлари 15,4 фоиз, халқ истеъмоли моллари 12, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,1, қурилиш ишлари 9,3, чакана савдо айланмаси 15,1, умумий хизматлар 15,5 фоизга ошди.
Вилоятда ўтган йили 866 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 611,9 миллиард сўм кредит ажратилди. 2,8 триллион сўм капитал қўйилмалар ўзлаштирилди. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 229 миллиард сўмликдан ортиқ лойиҳалар амалга оширилиб, 9 минг 500 дан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Фаоллар йиғилишида вилоят халқ таълими ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари фаолияти қаттиқ танқид қилиниб, камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди. Халқ банки, “Алоқабанк”, “Ипотекабанк”, “Агробанк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” вилоят филиалларининг кам таъминланган оилалар ва коллеж битирувчиларига имтиёзли кредит ажратишдаги фаолияти қониқарсиз экани таъкидланди. Бу борадаги ишларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, айрим туманларда экспортни ривожлантириш борасида кузатилган камчилик ва муаммолар, газ, электр энергияси истеъмолидан дебитор ва кредиторлик қарзларининг ортгани танқид қилинди. Қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.