Навоийда назорат тадбирлари амалда
Инспекциянинг Навоий вилояти инспекторлари томонидан “Х” МЧЖ (номи ўзгартирилган)га қарашли электродли иситиш (электр) катёлларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш корхонасида давлат назорати ўтказилди.
Текшириш жараёнида жамиятда ишлаб чиқарилган ва реализация қилинаётган электродли иситиш (электр) катёлига Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган меъёрий ҳужжат йўқлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари ишлаб чиқарилган ва сотилаётган электродли иситиш (электр) катёлларига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштириб берилган бўлиб, ушбу мувофиқлик сертификатлари таҳлил қилинганда, мувофиқлик сертификатида маҳсулотга тегишли меъёрий ҳужжат қисмида ГОСТ 20548-92 ва ГОСТ 30735-2001 кўрсатилган. Аммо ушбу меъёрий ҳужжатлар электродли (электр) иситиш катёлларига тааллуқли эмаслиги белгиланган бўлсада, ушбу меъёрий ҳужжатлар асосида электродли иситиш катёллари сертификатлаштирилганлиги аниқланди.
Натижада жамият томонидан 2024 йил 1 январдан 22 октябргача миқдори 52 дона, жами 18 64 000 000 сўмлик электродли (электр) иситиш катёллари меъёрий ҳужжатсиз ишлаб чиқарилиб сотилгани маълум бўлди.
Текшириш даврида жамият омборида сақланаётган, 2024 йилда ишлаб чиқарилган, 1 дона қолган «КЭО-30» маркали, электродли иситиш катёли текшириш учун танлаб олинди.
Намунага олинган, «КЭО-30» маркали, электродли иситиш катёлининг назорат синови, аккредитланган синов лабораториясининг синовлар натижасига кўра, ГОСТ 18620-86 меъёрий ҳужжатининг 7-банди талабларига, яъни техник қурилманинг ёрлиқланишида қуйилган талаблар қисми бўйича мос келмаслиги аниқланди.
Бу билан Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги қонунининг 22-моддаси талабларига риоя этилмаган.
Шунингдек, иш фаолиятида фойдаланилаётган жами 9 дона ўлчаш воситаларидан 6 дона ўлчаш воситаларининг метрологик текширувдан (қиёслаш кўригидан) ўтказилмагани аниқланди. Бу билан, ЎзДСт 8.003:2005 давлат стандартининг 4.4-банди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги қонунининг 16 ва 20-моддалари талаби бузилган.
Давлат назорати текшируви якунига кўра, юқорида кўрсатиб ўтилган камчиликларга асосан, Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги қонунларининг талаблари бузилиши содир этилаётгани сабабли, қолдиғида мавжуд бўлган маҳсулотни сотишни тақиқлаш ҳамда қиёсланмаган ўлчаш воситаларидан 10 иш кунига фойдаланишни тақиқлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Жамият раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МжтКнинг 212-моддаси 1-қисми, 213-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳолат бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, тегишли ҳужжатлар жиноят судига тақдим этилди.
ЎзА