Навоийда медиафорум иш бошлади
Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусидаги 5 кунлик республика медиафоруми бошланди.
Форум доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоятлардан газета, телевидение ва интернет журналистикаси соҳасида фаолият юритаётган ижодкорлар иштирок этмоқда. Форумнинг биринчи кунида иштирокчилар “Фарҳод” маданият саройида жойлашган “НКМК тарихи музейи” да бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу музей комбинатнинг 60 йиллик тарихини ўзида мужассамлаштирган.
– Музейни томоша қилар экансиз комбинатнинг эгаллаб турган майдони, фаолият кўлами, давлат учун даромадлилик даражаси, ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулотлар турларининг кўплиги, банд бўлган ходимлар сони, хуллас, барча маълумотлар билан танишиш мумкин, — дейди Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси телевидение гуруҳи муҳаррири Нуриддин Болиев. — Музейнинг иккинчи залидаги экспозициялар НКМК ташкил топиш давридан ҳикоя қилар экан. Бу ерда комбинат тарихини фотосуратлардан ҳам кўриб, билиб олиш мумкин. Музейда НКМК тизимидаги саноат корхоналари макетлари ўрин олган бўлиб, ўзимни заводлар ичига кириб қолгандек ҳис этдим. — Бу Мурунтов кони карьерининг макети, — дейди музей директори Салима Холдорова.
— 1967 йил март ойида Мурунтов конида ўтказилган дастлабки оммавий портлаш ишлари Марказий Қизилқум ҳудудидаги ер қазилма бойликларини ўзлаштиришнинг янги даври бошланганидан дарак берди. Айни вақтда карьернинг чуқурлиги 615 метрни, узунлиги 3500 метрни ва эни 2700 метрни ташкил қилади. Очиқ усулда коннинг барча захираларини самарали ўзлаштириш 1170 метргача чуқурликда ва айрим участкалари бортларининг баландлиги 1200 метргача бўлган шароитда амалга оширилади. Кон карьерининг чўзиқлиги ғарбдан шарққа қараб 1,3 баробарга ортиб 3300 метрдан 4300 метргача кенгайган, шимолдан жанубга эса 1,5 баробарга ортган.
Шунингдек, комбинатнинг эришган ютуқлари, фаолият олиб бораётган олимлар илмий изланишлари натижалари музей экспонантлари орасидан жой олган. Шу ернинг ўзида вилоятдаги 9 та туман газетаси таҳририятларига “YURIDA-ORFO” компьютер дастурини бепул ўрнатиш учун сертификатлар топширилди. Дастлаб Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров сўзга чиқиб, мамлакатимизда журналистика соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, соҳада эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди.
[gallery-6298]
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралда қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтишни тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2022 йил декабрь ойига қадар марказий, маҳаллий босва ва электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилиши кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан “YURIDA NYSA” корхонаси билан ҳамкорликда лотин ёзувига асосланган матнларни бехато ёзилишини таъминлашга мўлжалланган “YURIDA-ORFO” дастури ишлаб чиқилган. Ўзбек тилидаги матнларни текширишга мўлжалланган “YURIDA-ORFO” дастури базасида ўзбек тилидаги 1,8 миллиардга яқин сўз шакллари киритилгани дастурнинг нечоғли мукаммаллигини билдиради.
— Бугун бизнинг таҳририятимизга ҳам “YURIDA-ORFO” компьютер дастурини бепул ўрнатиш учун сертификатлар топширилди, — дейди Навбаҳор туман ҳокимлиги муассислигидаги “Навбаҳор тонги” газетаси бош муҳаррири Бобур Ҳотамов. — Тадбирда дастурнинг имкониятлари ҳақида сўз борди. Жумладан, дастур матндаги хато сўзларни топади, хато сўзларга тўғри сўз вариантларини беради, сўзнинг изоҳини, маъносини кўрсатади, матнни кирилл алифбосидан лотин алифбосига ва аксинча лотин алифбосидан крилл алифбосига ўгиради, матн билан алоқадор бўлган бошқа функцияларни бажаради.
Форумда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг Андижон ва Бухоро вилоятлари бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди. 5 кун давом этадиган форум доирасида ОАВ вакиллари учун вилоятдаги диққатга сазовор жойларга саёҳат уюштирилади, “Навоий кон-металларгия комбинати” АЖдаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилади, “Металлург” профилакторий-санаторийсида соғломлаштириш муолажалари амалга оширилади. Шунингдек, форум кунлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига Навоий вилоятидан қабул қилинган янги аъзоларга гувоҳномаларни топшириш, тадбир иштирокчилари ва навоийлик ёш ижодкорлар учун бир қатор марказий нашрлар бош муҳаррирлари, устоз журналистлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этиш режалаштирилган.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (фото), ЎзА