Навоийда илк хусусий мактаб очилди
Навоий вилоятида давлат шериклиги асосида илк хусусий мактаб иш бошлади.
Навоий вилоятида давлат шериклиги асосида илк хусусий мактаб иш бошлади.
Абу Райҳон Беруний номидаги илм масканида 320 нафар ўқувчи таълим олиш имкониятига эга.
Хусусий таълим масканининг очилиш маросимида Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Айниқса, жорий йилга Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили дея ном берилиши замирида ҳам юртимизда илм-фанни янада ривожлантириш, келажак авлоднинг замонавий билимларни эгаллаши, замон билан ҳамнафас бўлиши каби мақсадлар мужассам.
Дарҳақиқат, жорий йилда вилоятда Бухоро вилоятининг Халқаро математика фанига ихтисослаштирилган “Қоракўл мактаби” билан ҳамкорликда 500 ўринли Навоий-Қоракўл мактаб-интернатига асос солинди. Мазкур муассасада математика, физика, кимё, биология ва инглиз тили фанлари чуқурлаштириб ўргатилади.
Хусусий мактабда жорий йилнинг 1 февралидан 1-4 синфларда ўқиш бошланади.
Шу куннинг ўзида Навоий вилоятида ўқитувчиларни янада қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш мақсадида 49 нафар халқ таълими ходими “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ҳамда 29 нафари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди. 6 нафар ўқитувчи Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими фидоийси” кўкрак нишонига муносиб деб топилди.
Тантанали маросимларда Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов иштирок этди.