Навоийда чорвачилик ривожланмоқда
Президент ташрифидан сўнг
Навоий вилоятида чорвачиликнинг барча йўналишларини ривожлантириш, соҳага энг илғор усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 2024 йил 31 октябрь - 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифи давомида “Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар”га бағишлаб йиғилиш ўтказган эди. Унда вилоятда 9 миллион гектар яйлов бўлса-да, чорва камлиги, келгуси уч йилда 3 миллион гектар яйлов яхшиланиб, чорва 10 карра кўпайтирилиши бўйича алоҳида вазифалар юклатилган эди. Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш учун хориж тажрибасини ўрганиш, ҳудуднинг иқлим шароитига мос чет эл чорва зотларини олиб келиб кўпайтириш, амалий ва назарий тамойилларни интеграция қилиш борасида ҳам топшириқлар берилганди.
Қолаверса, 2024 йилнинг 23-26 июнь кунлари Мўғулистон Президенти давлат ташрифи билан юртимизда бўлиб, икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қатор келишувлар имзоланган эди. Улар орасида йирик чорвачилик комплексларини ташкил этиш, Мўғулистондан гўшт ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни импорт қилиш, Ўзбекистондан товуқ гўшти, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, тери ва жунни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича лойиҳалар ўрин олганди.
– Берилган топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил ноябрь ойида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси мутахассислари, наслчилик билан шуғулланаётган олимлар ва чорвадор тадбиркорлардан иборат делегация билан биргаликда Мўғулистонда бўлдик, – дейди Конимех тумани ҳокими Руслан Рўзиев. – У ерда Навоий вилоятининг иқлимига мос қўй ва эчки зотларини, жумладан, “торгут”, “кашемир”, “баят”, “мўғул” зотларининг ўзига хослиги, маҳсулдорлиги ва наслдорлик хусусиятларини ўргандик. Ушбу зотли қўйлар гўшт-жун йўналишида бўлиб, уларнинг тирик вазни 70-80 килограмм, қўчқорлари 100-120 килограммгача, гўшт чиқими эса тирик вазнига нисбатан 60 фоизни ташкил этар экан. Ташриф давомида вилоятимиз яйловларига ва иқлим шароитига тез мослашувчан қўй зотларини олиб келиш бўйича битимлар имзоладик. Ҳозирги кунга қадар 5000 бошдан зиёд қўй олиб келдик.
Келишувга асосан туманга 20 минг бош қўй олиб келиниши режалаштирилган. Шунингдек, туман ҳокимининг таъкидлашича, 1000 бош туя ҳам олиб келинади.
Бугунги кунда олиб келинган қўйларнинг 750 боши “Қоракўл Учтепа сур” МЧЖга келтирилди. Айни пайтда жамиятда 25 мингдан зиёд майда ва йирик шохли чорва парваришланмоқда.
– Ҳозирда бизда 25 мингта қўй-эчки, 150 та қорамолимиз бор. 124 та ишчи ўрни яратилган, – дейди МЧЖ раҳбари Мурод Райисов. – Кластер ташкил қилингандан кейин чорва сони кўпайди. Етиштирилаётган қоракўл териларимиз сифати ҳам янада яхшиланди. Қоракўл териларни Россия ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилмоқдамиз. Монголиядан олиб келинган қўйлар соғлом, жун ва гўштга мослаштирилганлиги кўриниб турибди. Ҳозирдан келтирилган қўйлар қўзилашни бошлади. Аксарияти эгизак туғмоқда. Келгусида чорва сонини янада кўпайтириб, наслни яхшилаш ниятидамиз. Жунидан ва гўштидан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратамиз.
[gallery-21357]
Олиб келинган чорва моллари парваришини тўғри ташкил этиш мақсадида туманда кучли ва дағал озуқалар захираси яратилган бўлиб, ветеринария-санитария тадбирлари амалга оширилган, тажрибали мутахассислар, чорвачилик соҳаси олимлари бириктирилган.
Таъкидлаш ўринлики, айни пайтда туманда 25 минг 200 бошдан зиёд йирик шохли, 60 минг бошга яқин майда шохли моллар ва 3,5 мингтага яқин туя парваришланмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари