Навоийда 28 гектар ер майдони ноқонуний эгалланган
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Кадастр агентлиги директорининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Неъматжон Атамуратов иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда 2026 йилнинг январь-май ойларида кадастр соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Жумладан, ҳудудларда олиб борилаётган хатлов ишлари, ер назорати тадбирлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, шунингдек, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Таъкидланганидек, Кадастр агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 2026 йилнинг ўтган 5 ойи давомида ер ва кадастр назорати бўйича 710 та ҳолатда 28,8 гектар ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ноқонуний иморат қурилишига оид қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган.
– Ушбу қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаган шахсларга ёзма кўрсатмалар юборилган, – дейди агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элбек Эшпўлатов. – Ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида ер қонунбузилиш ҳолатларининг 519 таси ёки 10,1 гектари шу жойнинг ўзида бартараф этилди. Шунингдек, 8,9 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни бартараф этиш ва ерни аввалги ҳолатига қайтариш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларга 83 та даъво аризалари киритилди. Қолган ҳолатлар юзасидан жараёнлар давом этмоқда.
Вилоят бўйича 2024-2026 йилларда 165 та маҳаллада жойлашган турар, нотурар ва қурилиши тугалланмаган объектларда режа-жадвалга асосан хатловдан ўтказиш белгиланган. Ҳозирга қадар 43 минг 484 та объектда хатлов ўтказилган. Ҳуқуқи эътироф қилинган 2 минг 336 та турар жой бўйича кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари олиб борилган.
– Барча соҳаларда бўлгани каби кадастр тизимида ҳам янгиланишлар изчил давом этмоқда, – дейди Н.Атамуратов. – Янги дастурлар жорий этилиши, соҳанинг рақамлаштирилиши, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар, Президент фармонлари асосида яратилаётган имтиёзлар ҳақида аҳолини ўз вақтида, содда ва тушунарли тилда хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Навоий вилояти журналистлари ва ОАВ вакиллари билан мулоқот ўтказдик. Унда кадастр тизимида учраб турган долзарб масалалар, фуқароларни кўпроқ қизиқтираётган йўналишлар муҳокама қилинди. Зеро, кадастр идоралари аҳолига хизмат кўрсатувчи тизим ҳисобланади. Демак, бу борадаги энг яқин ҳамкорларимиздан бири оммавий ахборот воситаларидир.

Учрашувда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берилди. Шунингдек, кадастр соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири