Навоий халқаро аэропортида ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
Навоий халқаро аэропортида халқаро авиация соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик натижасида аэропортнинг халқаро йўналишларда хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда.
Яқинда “JetMate Aviation” компанияси томонидан ташкил этилган келишув доирасида “Kaya Airlines” авиакомпаниясига тегишли “Boeing 737-500” русумли ҳаво кемаси Варна (Болгария) – Навоий – Нажаф йўналиши бўйича Навоий халқаро аэропортида техник қўнишни амалга оширди.
Ҳаво кемасининг аэропортга қўниши ўзига хос тарзда кутиб олинди. Аэропортнинг ёнғин-қутқарув махсус техникалари томонидан сув пуркагичлари ёрдамида анъанавий “сув аркаси” ҳосил қилиниб, экипажга ўзбекона меҳмондўстлик кўрсатилди.

Самолёт командири Карлос Делп аэропорт инфратузилмаси, махсус техникалар ва кўрсатилаётган хизматлар билан танишди. Экипаж вакиллари аэропортдаги хизмат кўрсатиш даражасини ижобий баҳолаб, бундай самимий кутиб олиш улар учун ёқимли таассурот қолдирганини таъкидлади. Шунингдек, келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.
Эътиборли жиҳати, шу куни аэропортда бир вақтнинг ўзида 3 та халқаро рейснинг ҳаво кемаларига хизмат кўрсатилди. Бу билан аэропорт ходимлари махсус техника ва хизмат кўрсатиш тизими бир вақтнинг ўзида бир нечта халқаро рейсга сифатли хизмат кўрсатиш имкониятига эга эканлигини амалда намойиш этдилар.
Бугун Навоий халқаро аэропортида амалга оширилаётган бундай парвозлар унинг халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириш ва янги авиация йўналишлари учун имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири