Навоий вилояти матбуоти: ҳамиша халқимизга камарбаста
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Ўзининг ёрқин солномасига эга ҳудуд матбуоти тарихи олис мозийга бориб тақалади. Ўтган йиллар мобайнида вилоятда ўзига хос журналистика мактаби шаклланди. Турли номдаги газета-журналлар, телерадио каналлар, матбуот хизматлари, нашриёт, босмахоналар дунёга келди. Номдор, ўткир қаламига эга ижодкорлар, соҳа фидоийлари, забардаст журналистлар, ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар камолга етди. Бугун бу ҳақида ҳар қанча тўлқинланиб, фахрланиб гапирсак арзийди.
Соҳанинг сарғаймас саҳифалари...
Навоий вилояти Республикамизнинг энг кенжа, навқирон вилояти ҳисоблансада, унинг матбуот тарихи салкам асрга тенгдош. “Қизилтепа тонги”, “Кенимех таны”, “Кармана овози”, “Хатирчи ҳаёти”, “Нурнома” ва “Тамды шаруагерi” каби газеталар 1930-1935 йилларда ташкил топганлиги бунинг яққол исботидир. Ушбу отахон нашрлар ҳозиргача матбуот минбари сифатида жамиятга хизмат қилиб келмоқда. Бу ҳақида фикр юритиш чоғида беихтиёр кўз ўнгимизда бир пайтлардаги ҳудуд матбуотининг шакл-шамойили гавдаланади.

Ҳар бир таҳририятдаги жўшқин адабий муҳит, ўзаро ҳамжиҳатлик, мақола яратиш, қўлёзмаларни таҳрирлаш, таҳририят почтасига оқиб келадиган хат-хабарлар, ёзув машинкалари овози, эрта тонгдан кеч шомгача, кўп ҳолларда эрталабгача давом этадиган янги сонни нашрга тайёрлаш ва чоп этиш жараёнлари, битта-битталаб ҳарфларни қўлда териш, босмахона ташвишлари, эрта тонгдан янги соннинг қўлма-қўл бўлиб кетишини ўйласак одамга ҳузур бағишлайди.
Ўша пайтларда ҳозиргидек ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланмагани боис, ҳар бир журналист ва ижодий жамоа учун қалб қўри, кўз нурини тўкиб, битта сонни тайёрлаши анча машаққатли, шунинг билан бирга, ўта масъулиятли ҳол эди. Айниқса, оддий мухбир тайёрлаган, муштарийлардан келган хатлар асосида тайёрланган мақола ёки шеър даставвал бўлим муҳаррири, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари, котибият, бош муҳаррир кўригидан ўтиб, шундай сайқал топардики, мақолаларни ўқиган сайин ўқигинг келарди. Халқ ҳам шунга яраша интиқлик билан ҳар куни почтачи йўлини пойларди. Бу ҳақида журналистиканинг кекса авлод вакилларининг ўзидан эшитсангиз, янада ҳайратланасиз ва завқланасиз. Гурунгларда вилоят матбуотининг залворли ва зафарли йўли мамнуният билан тилга олинади. Уларни эшитиб маҳаллий матбуот улкан маррани босиб ўтганига имон келтирасиз.

Бунда, шак-шубҳасиз, соҳага илк тамал тошини қўйган, матбуот шон-шуҳратини юқори даражага олиб чиқишга катта ҳиссаси сингган устозларнинг меҳнатлари беқиёс. Бугунги қувончли кунларда уларни эсламасдан, порлоқ хотирасини ёдга олмасдан иложимиз йўқ. Вилоят матбуотининг ҳақиқий дарғалари бўлган Қосим Ҳасанов, Ҳамид Мўминов, Умид Сатторов, Олим Қамбаров, Маҳмуд Мардиев, Улаш Нурманов, Ёрқул Умаров, Абубакр Шектибаев, Игор Загоскин, Шукур Нурбоев, Есинбай Ўразимбетов, Нарзулло Тилавов, Тошпўлат Файзуллаев, Неъмат Абдураҳмонов, Элмурод Раҳмонов, Иноят Раҳмонов, Жолдасбек Абдурасулов, Малика Тўхтаева, Бобоқул Мансуров, Абдуваҳоб Пирматов, Борис Шалатонин, Шароф Ҳабибов, Сабоҳат Тўхтаева, Азамат Сафаров ва бошқа заҳматкаш устозлар меҳнати, ижоди ҳар қандай эътирофга муносибдир. Бугун улар сафимизда бўлмасада, уларнинг ибратли ишлари халқ орасида ҳамиша барҳаёт.
Кўп йиллар давомида вилоят матбуот ва ахборот бошқармасини бошқарган, фаолияти давомида соҳа ривожида улкан ишларни амалга оширган, устоз журналист Улаш Нурмонов ана шундай заҳматкаш инсон эди. Ўзининг қисқа умри давомида соҳа ривожи йўлида кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлди. Жумладан, вилоят матбуотининг республикада ўз ўрнига эга бўлиши, журналистлар учун замонавий “Матбуот уйи” бунёд этилиши, “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари адади оширилиши, ушбу таҳририят ҳузурида замонавий технологияларга асосланган босмахона ташкил этилишида бу инсоннинг ҳиссаси беқиёс. Хайрли ишлари матбуотимиз солномасини безаб турибди. Худди шундай турли йилларда матбуот ва оммавий ахборот воситаларига раҳбарлик қилган устозларнинг ҳам соҳага қўшган улкан ҳиссаси, тарихда қолган ютуқлари бор.
Таниқли журналист Маҳмуд Мардиев ҳақида ҳам касбдошлар, ҳудуд аҳли, республика матбуоти вакиллари, ижодкорлар ҳали-ҳамон фахрланиб гапиришади. Унинг серқирра ҳаёт ва ижод йўли, олижаноб фазилатлари, бебаҳо қобилияти ҳақида кўп эслашади. Оддийлик ва одамийлик хислатлари соҳиби бўлган бу инсондан кейинги авлодларга ёрқин хотира, ибрат олишга арзигулик жиҳатлар қолган.
Устоз… Бу сўз замирида улуғ мазмун мужассам. Барча соҳаларда бўлгани каби матбуотда ҳам фидокорона меҳнати ортидан юксак шарафга эришган, обрў-эътибор топган инсонлар кўп. Хусусан, Эргаш Ёқубов, Одил Ҳотамов, Шарбат Мухторова, Раҳим Рўзиев, Салима Умарова, Музаффар Муқимов, Елезаветта Андреева, Иброҳим Жумаев, Дилбар Раззоқова, Раҳмонқул Болтаев, Раҳим Қодиров, Қурбон Тўхтаев, Ольга Сашина, Музаффар Шаропов, Достон Мавлонов, Истам Ҳамроев, Норжон Носирова, Клара Бозорова, Истам Ҳасанов, Баҳодир Эгамов, Ибодулла Жаҳонгиров, Олим Хўжаев, Жумамурод Мирзаев, Нурия Пўлатова, Абдуҳаким Ҳасанов, Абдумутал Норбоев, Хайрулло Шопўлатов, Мансур Аслонов ва бошқа устозлар шундай эътирофга лойиқдир.
Ана шундай беназир ижодкорлардан бири Ҳамдам Эшонқуловдир. Устоз ўз меҳнат фаолияти давомида “Дўстлик байроғи” газетаси бош муҳаррири, кейинчалик “Халқ сўзи” газетаси вилоят мухбири бўлиб ишлади. Ўзининг долзарб мавзулардаги публицистик мақолалари ва ёрқин ижоди билан кенг жамоатчилик, ижодкорлар орасида довруқ қозонди. Самимий, ўта камтар ва айни пайтда ҳам ижоддан тўхтамаган бу инсоннинг мамлакатимиз адабий муҳитида ўз ўрни борлиги барчамизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди.
Вилоят журналистика мактаби юртимиз нуфузли таҳририятларига истеъдодли ва истиқболли журналистлар, ёзувчи-шоирларни тарбиялаб берган. Ойдин Ҳожиева, Эсиргап Болиев, Жалолиддин Сафоев, Ашурали Жўраев, Ҳамид Низомов, Ислом Ҳамро, Азиз Саид, Фарҳод Арзиев, Ойбуви Очилова, Хосият Бобомуродова, Дилшод Исломов, Жалолиддин Тўхташев, Холида Файзиева, Вафо Файзулла, Барнобек Эшпўлатов, Феруза Кубраева, Эльвина Мустафина, Дадахон Муҳаммадиев, Дилноза Абдуҳамидова, Зарина Тоҳироваларнинг қалами вилоят адабий муҳитида чархланган. Уларнинг аксарияти бугун ҳам ўз ижоди билан матбуотимизда ўз ўрнига эга, ижоддан тўхтагани йўқ. Ёши улуғ устозларимиз эса оила ва шогирдлар ардоғида кексалик гаштини сурмоқда.
Вилоят матбуотининг тараққиёти ҳақида ифтихор билан сўз юритар эканмиз, унинг асосий устунларидан бири ҳисобланган матбаачилик йўналишига ҳам тўхталмасдан иложимиз йўқ. Тарихий манбааларда келтирилишича, ҳудудий нашрлар даставвал “Нарпай туман босмахонаси”да чоп этилган. Кейинчалик “Навоийазот” АЖ, “Қизилтепа АДАСТ” хусусий корхонаси, “Навоий полиграфсервис” ишлаб чиқариш корхонаси, Кармана, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа, Конимех, Навбаҳор, Томди, Учқудуқ туманлари босмахоналарида чоп этилган. 2010 йилда “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти” давлат корхонасида замонавий босмахона ташкил этилиши матбаачиликда мутлоқо янги даврни бошлаб берди.
Ҳаётимизни телерадиосиз тасаввур этолмаймиз. Бу борада ҳудудий телерадио каналларнинг ҳам фахрланиб гапиришга арзигулик тарихи ва ўрни бор. Вилоят ташкил этилган йилларданоқ телерадиокомпанияси фаолияти йўлга қўйилди. Кейинчалик “Қизилқум” (кейинчалик “Фазо”), Нурота, Хатирчи, НКМКнинг “Орион”, “Зафаробод”, “Зарафшон - ТВ” телевидение ва телестудиялари эфир юзини кўрди. Бу даргоҳлар Раъно Ҳакимова, Ғулом Султонов, Темур Эшбоев, Ҳамидулло Қарчиғаев, Валентина Корненко, Ўролой Турдиева, Ғулом Эшқобилов, Абдували Носиров каби забардаст тележурналистларни вояга етказиб, элга танитди. Улар раҳбарлиги даврида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди, ёш ижодкорлар тарбияланди.

Бугун вилоят матбуоти, унинг шонли йўли, ютуқлари ҳақида сўз юритиш ҳам фахр, ҳам мароқли. Мен бу ҳақида кўрган, эшитган жиҳатларга эътибор қаратдим, соҳанинг билган бир парчасини эътироф этдим, холос. Ҳали соҳамизда мен билган ва билмаган хотиралар, эътирофлар қанча!? Ушбу мақолада баъзи бир устозлар, уларнинг эзгу ишлари унутиб қолдирилган бўлиши мумкин. Чунки соҳада ўтган давр мобайнида бир неча юзлаб ижодкорлар меҳнат қилган ва қилмоқда. Бугун уларни номма-ном айтишнинг иложи йўқ. Бу мавзу бошқа ҳамкасблар томонидан тўлдириб, келажакда яхлит бир тартибга келтирилса ва матбуотимизнинг тарих китоби яратилса нур устига, аъло нур бўларди.
Мустақиллик берган имкониятлар
Ҳудуд матбуоти мустақиллик йилларида янги босқичга чиқди. Вилоятда матбуот, оммавий ахборот воситалари, матбаа-ноширлик, матбуот хизматлари жадал ривожланди. Бу паллага келиб ижодий муҳит янада гуллаб-яшнади, халқимизга долзарб, тезкор ахборотлар тақдим этиш, материаллар сифати, мазмун-мундарижаси, ижодкорлар фаоллиги тубдан ўзгарди.
2015 йилги статистикага кўра, вилоятда 46 та оммавий ахборот воситалари, жумладан, 32 та газета, 6 та журнал, 7 та телевидение ва 1 та радио, 70 дан ортиқ босмахона ва матбаа бўлимлари, А.Навоий номли нашриёт, матбуот хизматлари фаолият юритган. Босма нашрлар ойлик адади ўртача 800 минг нусхани, вилоят телевидениесининг ҳафталик эфир вақти 62 соатни, ҳудуд радиоси эфир вақти эса ҳар куни 10,5 соатни ташкил этган. Электрон ва босма оммавий ахборот воситалари ихтисослашуви жиҳатдан ўзбек, рус, қозоқ ва қорақалпоқ тилларида нашр этилган ва эфирга узатилган. Бу рақамлар ёш вилоят учун катта кўрсаткич эди. |
Ёш ижодкорларни тарбиялаш, уларнинг ижодга қизиқишини ошириш, қобилиятларини юзага чиқариш ва журналистлик касбини танлашда ижодий тўгаракларнинг ўрни беқиёс бўлди. Бу борада вилоят оммавий ахборот воситалари ҳузуридаги ижодий тўгараклар, ижодий танловлар муҳим роль ўйнади. Хусусан, ўтган даврда таҳририятлар ҳузуридаги “Чашма”, “Ниҳол” ва бошқа ижодий тўгараклар, шунингдек, “Энг яхши ёш журналист” кўрик-танлови, “Истиқбол ғунчалари”, “Навоий ёшлари” каби ёшлар нашрлари юзлаб навқирон иқтидор эгаларини кашф этгани ҳар қандай таҳсинга молик.
Ҳеч ёдимдан чиқмайди. У пайтлар Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида ишлардим. Бир куни раҳматли Улаш Нурмонов телефон қилиб қолди. Вилоятда нашриёт йўқлиги боис, қанча ижодкорларимиз сарсон-саргардон бўлаётгани, ноширлик соҳасини йўлга қўйиш кераклиги ҳақида куйиниб гапириб қолди. Мана шу туртки 2010 йилда Алишер Навоий номли нашриёт ташкил этилишига сабаб бўлди. Ўтган даврда ушбу нашриётда Жаҳонгир Умрзоқов, Сайдулло Абдурасулов, Абдухолиқ Жўраев, Сурайё Мансурова, Абдуҳаким Ҳасанов, Абдували Бўриев, Рустам Қувватов, Сабоҳат Баракаева сингари соҳа мутахассислари ишлаб, кўплаб янги китобларни нашр этишга муносиб ҳисса қўшди.
Инсон меҳнати ҳамиша эътирофи билан қадрлидир. Ҳамкасбларимиз заҳмати ҳар доим ўз рағбатини топиб келаётир. Бундай эътибор ва эътироф қаламкашларимизга нафақат шон-шараф, балки ижодига беқиёс илҳом бағишламоқда. Ўтган йиллар мобайнида ўнлаб навоийлик ижодкорларнинг фидокорона меҳнати юксак даражада эътироф этилгани ҳамиша қалбларга ғурур бағишлайди.
Жумладан, марҳум журналист Қосим Ҳасанов ва “Дўстлик байроғи” газетаси собиқ масъул котиби Исроил Холбоевлар “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони, таниқли публицист Ҳамдам Эшонқулов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, устоз журналистлар Одилқул Ҳотамов, Шарбат Мухторова ва Салима Умаровалар “Меҳнат шуҳрати” ордени, вилоят телевидениеси бош режиссёри Жўрақул Эшов, “Инсон ва қонун” газетаси вилоят мухбири Маруса Ҳосилова ва “Тамды шаруагерi” газетаси собиқ муҳаррири, марҳум Шамил Абдусаматовлар “Дўстлик” ордени, марҳум журналистлар Маҳмуд Мардиев, Ольга Пушкарёва, шунингдек, айни пайтда серқирра ижод қилиб келаётган “Учқудуқ” газетаси муҳаррири Райҳон Қодирова, “Ёшлар” телеканали вилоят мухбири Холбиби Сафаровалар “Шуҳрат” медали, Хуршида Нарзиева, Чаманой Жонузоқова, Муниса Аъзамова, Лайло Орзиевалар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани улкан ютуқлардан далолатдир.
Юртимиз матбуот майдонида ўзининг серқирра ижоди билан намуна кўрсатиб, ижоди юксак баҳосини топган Раҳим Мақсудов, Георгий Трофимов, Абдували Кузембаев, Маруса Ҳосилова, Феруза Кубарева, Нодира Самандарова, Руслан Сабуров ва бошқалар “Олтин қалам” миллий танлови, шунингдек Салима Умарова, Александр Акимов, Шаҳноза Маҳмудова, Абдумутал Норбоев, Раҳима Қаймоқова, Алёна Горбачёва, Гулнора Ўролова ва бошқалар “Йилнинг энг фаол журналисти”, “Энг улуғ, энг азиз” ва бошқа республика танловлари ғолиблигини қўлга киритганидан ҳамиша фахрланамиз.
Айниқса, 2016 йилда “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти” давлат корхонаси журналистика соҳасидаги “Олтин қалам” XI-миллий мукофоти танловида матбуот йўналишида фахрли 2-ўринни қўлга киритгани вилоят матбуоти тарихида энг оламшумул муваффақиятлардан бири бўлди. Бу зафар вилоятимиз матбуотига юксак шон-шараф келтирди ва ижодкорларимизни янада руҳлантирди.
Таниқли журналист Раҳим Мақсудов ўз меҳнат фаолияти давомида ўзига хос “Қизилтепа тажрибаси”ни яратди. Ушбу нашр обунаси тўлиқ таҳририят орқали ташкил этилиши, газета янги сони чиққан вақтнинг ўзида бир неча ўнлаб шартнома асосида ишга қабул қилинган куръерлар кўмагида газетхонларга ўз вақтида етказиш имконини бермоқда. Бунда, обуначи ўз вақтида туман ва республика янгиликларидан тезкор хабардор бўлиши билан бирга, севимли газетасини ўз вақтида олаётгани нашрнинг кўпминг ададини сақлаб қолишни таъминлаяпти. Бунинг натижасида таҳририят почта хизматига бериладиган ҳақдан иқтисод қилса, бир қатор кўплаб оилаларнинг моддий манфаатдорлигини рағбатлантиришга эришмоқда.
Ўн йил, ҳаттоки, бир неча ўн йилдан буён вилоят матбуотида ишлаб келаётган Низомиддин Садриддинов, Анвар Ҳосилов, Абдуҳаким Ҳасанов, Нурия Пўлатова Бахтиёр Темиров ва бошқа тажрибали журналистлар ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келишаяпти. Улар ортидан эргашиб келаётган Бахтиёр Тошназаров, Мансур Ҳусанов, Ҳулкар Ғаффорова, Олим Жалилов, Руслан Сабуров, Ўткир Ўсаров, Лазизжон Бозоров, Бобоқанд Умаров, Лайло Каримова, Озод Мустафоев, Гулдана Наримбетова ва бошқа ижодкорлар устозлари ёнида уларнинг анъанасини давом эттирмоқда.
Қутлуғ касб байрами арафасида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Дилшод Мамаражабов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий бўлими раиси Отабек Аслонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Баҳриддин Садриддинов раҳбарлигидаги бошқарма ва уюшмалар томонидан олиб борилаётган ишлар ҳам ҳар томонлама таҳсинга муносиб.
Давр шиддат билан ўзгариб бормоқда. Одамларнинг интернет тармоқлари орқали кундалик ахборотларга эга бўлишга талаби кундан-кунга ортмоқда. Турли ташкилот ва идоралар матбуот хизматларида ишлаётган ҳамкасбларимиз ҳам замонга мос ахборот тарқатишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Журналистлик ҳам машақатли, ҳам шарафли касб. Бу шу касбни танлаган кишидан ҳар доим улкан ижодий салоҳият билан бирга, чинакам фидоийлик, адолатга тик назар билан қараш ва холисликни талаб этади.
Ана шундай олижаноб фазилатлар ва юксак шарафга эга бўлган ҳамкасбларимиз меҳнати муҳтарам Юртбошимиз томонидан бежизга: “Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган сиз, муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз”, дея таърифланмаган. Бунда, шак-шубҳасиз, соҳа вакилларига бўлган юксак эътибор мужассам.
Шу паллада беихтиёр қалбларга эзгу сатрлар қуйилиб келади:
Ижодингиз гуллаб-яшнаб, палак отар,
Ёзганингиз юракларга чўғдай ботар,
Кенг оммада ишонч тўла ҳис уйғотар,
Тинмай ёзиш келмас малол, журналистлар,
Касбингизнинг нони ҳалол, журналистлар!
Адолатни куйламоққа боғладик бел,
Эзгу йўлда бирлашайлик ҳамкасбим кел,
Биз ҳақиқат тарафдори - ижодкор эл,
Жамиятга сайқал, савлат, журналистлар,
Шунинг ўзи катта давлат, журналистлар!
Ҳар йили соҳа ходимлари томонидан зўр қувонч билан кенг нишонланиб келинаётган касб байрами арафасида, барча журналистлар, ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар, матбаачи-ноширлар, меҳнат фахрийлари ва тизим вакилларини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклайман. Уларга соғлик-саломатлик, узоқ умр ва ижодий баркамоллик тилайман.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси,
ЎзА