Навоий ва Ғафур Ғулом
Атоқли шоир Ғафур Ғуломнинг ўзбек ғазалчилиги гулшанида энг хушовоз булбул бўлганлиги ҳаммага аён.
Унинг «Бу ватан мақтовларин ҳар қанча ёзсанг оз эрур», «Дилдаги севги жилосини жамолидан сўранг» каби ғазаллари шеъриятимизнинг шу жанрда яратилган энг аъло намуналаридир. Шоирнинг «Алишер Навоий қабри устида» мухаммаси эса татаббуъ ёзиш ҳамда тазмин этишнинг ҳар қандай шоир ўрганса арзийдиган порлоқ намунасидир. Лекин Ғафур Ғуломнинг Алишер Навоий ғазали асосида яратилган «Тун билан тонг» мухаммаси ўзбек адабиётида Навоий ғазалларига қилинган мухаммаслар ила орасида энг аълоси десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Кўзда тутилаётган мухаммасда, аввало, шоирнинг мухаммас боғлаш учун ғазал танлашдаги синчковлиги кўзга ташланиб туради. Нега деганда, Алишер Навоий XV асрнинг вакили сифатида ўша давр дунёқарашини ифодалар эди. Шунинг учун ҳам унинг ғазалини мухаммас этишга бел боғлаган янги жамият шоири танланган ғазалнинг бирор бир байтидаги фикр замона руҳига мос келмай қолишини ҳисобга олиш шарт эди. Акс ҳолда, мухаммасванислик ўзга шоир байтларидаги фикрни тўлдиришни, кучайтиришни талаб этар экан, у жиддий нуқсонга йўл қўйган бўлур эди. Улуғ шоиримиз Ғафур Ғулом эса бу ишни маҳорат билан ўринлатган. У шоирнинг соф ҳаётий ишқ мавзусидаги энг яхши ғазалини танлаб тополган. Бунинг устига ғазал ўта санъаткорлик билан ёзилган.
Ғазал танлангандан кейин шоир олдида ғоятда қийин вазифа турар эди: биринчидан, Алишер Навоий фикрларига уйғун равишда, уларни тўлдира, кучайтира олувчи фикрлар айта билиш; икикнчидан эса, навоийона бадиий тасвирий омиллар билан у фикрларни музайян этиш. Навоий ғазалининг ўта санъаткорлик билан ёзилганлигини қайд этиб ўтдик.
Матлаъни Навоий тазод санъати асосида қўриб, ёрнинг висолини тонгга, ўзининг чекаётган фироқини эса тунга ташбеҳ этган. Яна бу хил тун билан тонг даҳрда йўқ деб тасвирни кучайтирувчи фикр ҳам айтган.
Ғафур Ғулом ғазалга мухаммас боғлар экан, матлаъдаги мазмунни эмас, балки ундаги санъатни ҳам янада камолот даражасига кўтаришга мушарраф бўлади. У ошиқнинг «қароғи» ва ёрнинг «камоли», ошиқнинг «заволи» ва ёрнинг «камоли», ошиқнинг «қуюқ ойи» ва ёрнинг «ҳилоли» орасида фавқулодда маҳорат билан зидлик – тазод топиб, юксак бадиийликни юзага келтиради:
Менинг қароғиму онинг жамоли тун билан тонг,
Менинг заволиму онинг камоли тун била тонг.
Менинг қуюқ маҳим, онинг ҳилоли тун била тонг,
Менинг фироқиму онинг висоли тун билан тонг,
Бу навъ даҳрда йўқ эҳтимоли тун била тонг .
Ки бирни икки дейиб бўлмагай замон элига,
Ғариб зулфу юз эрмасмуким жаҳон элига.
Кўринмамиш бу иккининг мисоли тун билан тонг.
Навбатдаги бандларда ҳам Ғафур Ғулом қаламининг мухаммасчиликдаги буюк қудрати равшан кўриниб туради:
Қилолмадим қаро тун, нурли тонг заволин кашф,
Нафас-нафас ўтаётган умринг уволин кашф,
Сиёҳ ҳаққи, бу Мирзо кағоз жамолин кашф,
Навоий этмади зулфу юзинг ҳаёдин кашф,
Ва лек эрур ғамининг иттисоли тун била тонг.
Ғафур Ғулом ижодида Алишер Навоий анъаналари мавзуи катта бир монографик тадқиқотни талаб этувчи мавзудир. Сўзимизнинг интиҳосида ана шундай асарлар юзага келтириш йўлида ғайратли тадқиқотчиларимизга омад тилаб қоламиз.
Муслиҳиддин Муҳиддинов,
СамДУ профессори