“Навоий ИЭС” мавсумга тайёрланмоқда
Айни пайтда иссиқлик электр станциялари корхоналарида 2023-2024 йилги куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Навоий ИЕС” АЖнинг 478 МВтли буғ-газ қурилмасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Таъмирлаш ишларига 100 нафар ишчи-ходим жалб этилган бўлиб, улар Япониянинг “Mitsubishi Corporation” компаниясидан келган 40 нафар малакали мутахассис билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

– Ушбу ишлардан кўзланган асосий мақсад куз-қиш мавсумида қурилмаларнинг ишончли ва барқарор ишлашини таъминлаш орқали аҳолига узлуксиз иссиқлик ҳамда электр энергияси етказиб беришдан иборат, – дейди “Навоий ИЕС” АЖ Бош директори Акмал Файзиев. – Бундан ташқари, ходимларимиз япониялик ҳамкасблари билан ўзаро фикр алмашиб, соҳага доир билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлди.

Дастлаб энергоқурилма соҳа мутахассислари томонидан тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Ҳозир ушбу қурилманинг буғ ва газ турбинаси ҳамда уларнинг генераторларида аниқланган нуқсонлар босқичма-босқич бартараф этилмоқда.
А.Бўриев,
ЎзА