Навоий ЭИЗ атрофида дарахтзорлар барпо этилмоқда
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Жанубий Корея Республикаси ҳукумати ўртасида 2013 йил 3 декабрда имзоланган беғараз ёрдам тўғрисидаги “Ҳадли битим”га асосан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Навоий” ЭИЗ атрофида дархтзорлар барпо этиш юзасидан лойиҳалар амалга оширилмоқда.
“Навоий” ЭИЗда Навоий вилояти ўрмон хўжалиги бошлиғи Бахтиёр Эгамқулов ва KOICA нинг Ўзбекистондаги Офиси директори Пак Сун Жин ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Дастлаб меҳмонлар лойиҳалар доирасида “Навоий” ЭИЗ атрофида яратилган дархтзорлар билан танишишди.
2013-2016 йилларда Жанубий Корея Республикасининг ўрмон хўжалиги билан шуғулланувчи Suppro Co., Ltd. ва SK Forest Co., Ltd компаниялари томонидан қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари бўлган “Навоий” ЭИЗга яқин майдонларни кўкаламзорлаштириш бўйича лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида эркин иқтисодий зона атрофидаги 140 гектар майдонда қум бўронлари ва шамоллардан ҳимоя қилувчи дарахтзор барпо этилиб, корейс-ўзбек дўстлик ўрмонига асос солинди.
Дарахтзорда 150 минг дона можжевельник, арча, туя компакт, ғужум кўчатлари кўкартирилди. Бундан ташқари, Жанубий Корея андозаси асосида иссиқхона қурилиб, барча кўчат ниҳоллари ушбу иссиқхонада ўстирилди. Лойиҳа доирасида 2015-2016 йилларда ўзбекистонлик мутахассисларнинг Кореяга ўқув амалий ташрифи ташкил этилиб, ўзаро тажриба алмашилди.
[gallery-494]
– Бугунги кунда Навоий вилоятида 1,2 миллион гектар ўрмон билан қопланган майдон, 62,4 минг гектар маданий ўрмонзор ва 1,4 миллион гектар яйлов мавжуд, – дейди вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Эгамқулов. – Вилоят ҳудудининг 70 фоизини чўл ҳудудлари ташкил этиши инобатга олинса, маданий ўрмонзорлар барпо этиш ҳудудда қум бўронлари ва кучли шамолнинг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.
Шунингдек, “Навоий” ЭИЗ га яқин майдонларни кўкаламзорлаштириш бўйича 2018-2020 йилларда 250 минг АҚШ долларига тенг иккинчи лойиҳа ҳам амалга оширилди. ЭИЗ атрофидаги кўкаламзорлаштирилган майдон ичида қўшимча суғоришни таъминлаш учун 4 та тик қудуқ қазилди. Бундан ташқари, ушбу лойиҳа доирасида Корея ва Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, кўчатчиликка оид корейс лойиҳаси мутахассислари томонидан қўлланма яратилиб Ўрмон хўжалиги Давлат қўмитаси тегишли масъуллари эътиборига тақдим қилинди.
– Лойиҳамиздан кўзланган мақсад кўчат етиштиришни янада ривожлантириш ва илғор технологияларни ҳаётга тадбиқ этишдан иборат, – дейди KOICA нинг Ўзбекистондаги Офиси директори Пак Сун Жин. –. Авваллари мен Навоий деганда чўлни тушунар эдим. Бугун эса лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш жараёнида фикрим ўзгарди. Ҳудудда табиатни асраш, кўкаламзорлаштириш ва дарахтзорлар барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилган. Тўғриси бу турдаги лойиҳалар самарасини узоқ кутиш керак. Чунки уруғдан кўчат кўкартириб дарахт ҳолига келтириш учун камида 5-10 йил керак бўлади. Бу жараённи эса навоийлик ўрмончилар мувафаққиятли амалга оширмоқда.
Шу куни кореялик мутахассислар иштирокида онлайн семинар ташкил этилди. Унда 2018-2020 йилларда амалга оширилган лойиҳа якуни ҳақида сўз юритилиб, эришилган ютуқ ва йўл қўйилган камчиликлар, келгуси режалар, лойиҳа бардавомлигини таъминлаш борасида ўзаро фикр алмашилди.
Абдували БЎРИЕВ,
Сирож АСЛОНОВ (фото), ЎзА