Навбатчилик штаби туну кун аҳоли хизматида
Сирдарё вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси томонидан қиш мавсумида аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тезкор ишчи гуруҳлар шакллантирилди.
Аҳоли мурожаатларини қабул қилиш, масъул ижрочиларга етказиш вa бажарилаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича 24 соатлик навбатчилик штаби ташкил этилган.
Ичимлик, оқова суви, электр вa газ таъминоти тизимларида юзага келган талафотларни бартараф этиш мақсадида 120 нафар ишчидан иборат 32 та тезкор авария таъмирлаш-тиклаш гуруҳлари йўлга қўйилди. Ишларни самарали ташкил этиш мақсадида жами 20 та махсус техника жалб қилинган.

– Қисқа вақтда ишчи гуруҳга 425 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 413 та мурожаат ижобий ҳал этилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Олимжон Ҳайитқулов. – Ҳозирда 12 та мурожаат юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Аҳоли томонидан қилинган мурожаатлар давомида 265 та кўп квартирали уйнинг ертўла қисмидаги ичимлик ва оқова сув қувурлари, 8 та ертўла қисми таъмирланди, 4 та уйнинг лифт ускуналари, 121 та кириш йўлакларидаги эшикларга автоматик ёпиш ускунаси (доводчик) ўрнатилди. 15 та электр шит таъмирланди.
Электр тармоғида кучланишлар ортиши оқибатида узилишлар бошқарув сервис компаниялари томонидан бартараф этилди.

Ш.Суяров, ЎзА