«Навбаҳор»ни ўз уйида мухлисларсиз «деворлари» ҳам суяй олмади
15-16 апрель кунлари мамлакатимизнинг беш стадионида Суперлиганинг 6-тур ўйинлари бўлиб ўтди. «Пахтакор» ва АГМК жамоалари ОЧЛ мусобақасида қатнашаётгани боис улар иштирокидаги учрашувлар бошқа кунга кўчирилганлигидан хабарингиз бор.
6-тур доирасидаги дастлабки ўйинда ўз майдонида «Металлург»ни қабул қилган «Қўқон-1912» жамоаси учрашувнинг сўнгги дақиқаларида дарвозаларидан тўп ўтказиб юбориб, мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди.

Ўз уйида «Машъал»ни қабул қилган «Сўғдиёна» эса учрашув тугашига саноқли сониялар қолганда «Машъал»га ҳисобни тенглаштириш учун «ёрдам қўлини чўзди» - жиззахликларнинг легионер вакили Лука Черемел кутилмаганда ўз дарвозасини кучли зарба билан ишғол этиб қўйди.
«Насаф» мухлисларини хурсанд этишда давом этмоқда. «Сурхон»ни қабул қилган қаршиликлар рақиблар дарвозасига жавобсиз олтита гол киритишнинг уддасидан чиқишди.

Бугун яна иккита ўйин бўлиб ўтди. Ўз майдонида «Турон»ни қабул қилган «Навбаҳор» томошабинларсиз ўйинда дуранг қайд этди – ҳар иккала жамоа дарвозалари дахлсизлиги сақланиб қолди. Мазкур дуранг «Турон» учун мавсум бошидан бери тўплаган иккинчи очкосига замин яратди. «Тошкент дербиси» номини олган учрашувда «Локомотив» меҳмони бўлган «Бунёдкор» 1:2 ҳисобида мағлубиятга учради. «Темирйўлчилар» ушбу ғалабаси билан очколари сонини саккизтага етказиб рақиби «Бунёдкор» билан тенглашиб олди. Фақат тўплар орасидаги тафовутга кўра рақибларидан сакраб ўта олмади ва еттинчи поғонадан жой олди.
Coca-Cola Суперлига. 6-тур
15 апрель, пайшанба
ҚЎҚОН-1912 – МEТАЛЛУРГ - 0:1 (0:0)
Қўқон. «Марказий» стадион.
Гол: Саламат Қутибоев, 90+3 (0:1)
СЎҒДИЁНА – МАШЪАЛ - 2:2 (2:1)
Жиззах. «Сўғдиёна» стадиони. 2970 томошабин.
Голлар: Жасур Ҳасанов, 20 (1:0), Шоҳруз Норхонов, 25-пен. (2:0), Самуэл Чигози, 37 (2:1), Лука Черемел, 90+2-ўз дарв. (2:2)
НАСАФ – СУРХОН - 6:0 (1:0)
Қарши. «Марказий» стадион. 6276 томошабин.
Голлар: Хусаин Норчаев, 38 (1:0), Акмал Мозговой, 49 (2:0), Марко Станоевич, 52 (3:0), Шерзод Насруллаев, 61 (4:0), Акмал Мозговой, 80 (5:0), Абубакр-Ризо Турдалиев, 87 (6:0)
16 апрель, жума
НАВБАҲОР – ТУРОН - 0:0
Наманган. «Марказий» стадион. Томошабинларсиз.
ЛОКОМОТИВ – БУНЁДКОР - 2:1
Тошкент. «Локомотив» стадиони. 2503 томошабин.
Голлар: Жавоҳир Сидиқов, 47 (1:0), Темурхўжа Абдухолиқов, 67 (2:0), Одилжон Абдураҳмонов, 77 (2:1).
Олтинчи турдан кейин гарчи битта ўйин кам ўтказган бўлсада «Пахтакор» жамоаси 15 очко билан карвонбошиликни давом эттирмоқда. Олтитадан ўйинда майдонга тушган «Сўғдиёна» 15 очко билан иккинчи, 11 очко билан «Насаф» учинчи ўринда боришяпти.
«Металлург» ва «Қўқон-1912» жамоалари 9 очко билан тўртинчи ва бешинчи ўринларни банд этишган. Саккизтадан очко жамғарган «Локомотив» ва «Бунёдкор» олтинчи ва еттинчи ўринларни эгаллаб туришибди. Ҳаммадан кам ўйнаган – 4 учрашувда 7 очко жамғарган АГМК эса саккизинчи поғонада турибди.
«Қизилқум» бешта ўйинда 6 очко, «Навбаҳор» ва «Машъал» жамоалари эса олтита учрашувда бештадан очко тўплашган. 4 очкодан йиғган «Андижон» ва «Сурхон» жамоалари қуйидан 12 ва 13-ўринлардан «макон» топишган бўлса, турнир жадвалининг қуйидан энг биринчиси лига дебютанти «Турон» бўлиб турибди. Яйпанликлар «бисотида» бор-йўғи икки очко бор.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА