Навбаҳорда замонавий ёндашув асосида ерга чигит қадалмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва юқори самарадорликка эришишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, пахтачилик тармоғини тубдан янгилаш, уни бозор тамойиллари асосида ривожлантириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш устувор вазифалардан бирига айланган.
Навоий вилояти Навбаҳор туманида амалга оширилаётган ишлар ана шу ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида эътиборга молик. Жорий мавсумда туманда 5866 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган бўлиб, бу жараён уюшқоқлик ва аниқ режа асосида олиб борилмоқда. Барча куч ва имкониятлар сафарбар қилиниб, экиш ишларини ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

– Экин майдонларининг 3084 гектарида чигит 76/10 қўшқатор схемада плёнка остига экилмоқда, – дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Наврўз Худойназаров. – Бу усул ер намлигини сақлаш, ҳароратни барқарорлаштириш ҳамда чигитнинг тез ва бир текис униб чиқишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Қолган 2782 гектар майдонда эса чигит якка қатор усулида экилиб, анъанавий тажриба замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштирилмоқда. Айниқса, “Шинжон” технологиясининг жорий этилаётгани пахтачиликда сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб бермоқда. Мазкур технология сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, меҳнат сарфини камайтириш ва ҳосилдорликни ошириш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимизда амалга оширилаётган сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш сиёсатига тўлиқ мос келади.


Айни пайтда туманда чигит экиш ишларини сифатли ташкил этиш мақсадида барча зарур чора-тадбирлар кўрилган. Қишлоқ хўжалиги техникалари тўлиқ шай ҳолатга келтирилган, ёқилғи-мойлаш материаллари захираси яратилган. Фермер хўжаликлари ва мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб, агротехник талабларга қатъий риоя этилиши таъминланмоқда.


Мутахассислар томонидан ерни экишга тайёрлаш, ўғитлаш, суғориш ва чигитни тўғри жойлаштириш жараёнлари доимий мониторинг қилинмоқда. Бу эса келгусида юқори ва сифатли ҳосил олиш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулот етиштириш учун мустаҳкам замин яратади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири