“Навбаҳор” таркиби кучайтирилади
Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси раиси Шавкат Абдураззоқов Давлатобод туманидаги “Марказий” стадион базасида бир гуруҳ фаол ва фахрий мухлислар билан учрашди. Жорий мавсумда вилоятнинг бош жамоаси “Навбаҳор” гарчи ўз олдига қўйган мақсадларга эриша олмаган бўлса-да, халқаро майдонларда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилди.
Осиё Чемпионлар лигасида илк маротаба иштирок этишига қарамай, мазкур нуфузли мусобақанинг гуруҳ босқичида муваффақиятли натижаларга эришиб, кейинги босқичга йўл олди. Қитъамизнинг энг кучли клуби “Ал Ҳилол”га қарши муносиб қаршилик кўрсатган Самвел Бабаян шогирдлари Ўзбекистон Суперлигасида совриндорлар сафидан жой олиб, бронза медалига сазовор бўлди.

Мулоқотда сўз олган фахрий мухлислар “Навбаҳор”нинг сўнгги йиллардаги зафарли юриши, жорий йил Осиё Чемпионлар лигасининг мадҳияси Наманганда янграшига муносиб ҳисса қўшган, миллионлар ўйини ихлосмандларига завқли онларни улашгани учун вилоят раҳбарига, клуб мутасаддилари ва жамоамиз бош мураббийи Самвел Бабаянга миннатдорлик билдирди.


– Мухлислар ҳеч ҳам хавотир олишмасин. Янги мавсумда ҳам “Навбаҳор” клубининг мақсадлари ўзгармайди ва жамоа таркиби янада кучаяди, – деди Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. – Биз “Навбаҳор” ишқибозларига қувонч улашиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Мулоқот якунида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. “Навбаҳор” клуби мухлислар раиси сифатида 25 йил давомида иш олиб борган Абдулло Аҳмедовнинг ўрнига Мухтор Юсуббаев етакчи этиб тайинланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири