Наманганда 2024 йилги мамлакат Суперлигасининг якунловчи 26-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Андижон” учрашуви бўлиб ўтди.
Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионда саккиз мингга яқин мухлислар шиддатли ва муросасиз руҳда кечган футбол баҳсининг гувоҳи бўлди. Ўйинда 3:3 ҳисоби қайд этилди.
Ушбу ўйиндаги ғалаба майдон эгаларини мавсумни бронза, ҳаттоки, кумуш медаллар билан якунлаш имконини берарди. Шу боисидан ҳам Сергей Лушан бошчилигидаги “Навбаҳор” футболчилари ўз майдонида кечадиган “Водий дербиси”да ён қўшнилари – “Андижон” клуби устидан ғалаба қозониб, кубок финалидаги аламли мағлубият учун ўзига хос реванш олишлари кутилган эди.
Бу сафар ҳам азалий рақибларнинг қарама-қаршилиги ўзига хос тарзда ўтиб, унда дарвозаларга олтита гол урилди. Ўйиннинг биринчи бўлим охирги лаҳзаларида меҳмонлар Сардорбек Азимовнинг фаоллиги туфайли ҳисобни очишди. Иккинчи бўлимни кўтаринкилик билан бошлаган “Лочинлар” беш дақиқа ичида икки гол уриб, “камбек”ни бошлаб беришди. Аввалига, 53-дақиқада Жамшид Искандаров пенальтидан ҳисобни тенглаштирган бўлса, 58-дақиқада сербиялик легионер Йован Жокич “Навбаҳор” мухлисларини ларзага келтирди.
Бироқ мезбонларнинг бу қувончи узоққа чўзилмади. “Андижон” вакиллари рақибдан қолишмаган ҳолда ўн дақиқа ичида Рустам Турдимуродов (61-дақиқа) ва Исломбек Маматказин (71 дақиқа) икки голга муаллифлик қилиб, майдонда “штурм”ни юзага келтирди.
Бутун мавсум давомида севимли жамоасини қўллаб-қувватлаб келган наманганлик миллионлар ўйини ихлосмандлари сўнгги сонияларгача умидни узганлари йўқ. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда (90+7) миллий терма жамоамиз аъзоси Русланбек Жиянов “Навбаҳор”га якунда совринли натижани олиб келган голни киритди.
Шу тариқа, мусобақанинг якуний жадвалида охирги турда “Динамо”га ўз уйида 0:1 ҳисобида ютқазган Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби, сафарда “Локомотив”ни 2:3 ҳисобида енгган Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси “Навбаҳор” клуби каби бир хил – 43 очко тўплади.
Суперлига низомига кўра, икки ва ундан зиёд жамоаларнинг жамғарган очкоси тенг келиб қолса, унда ўзаро ўйинга қаралади. Совринга даъвогар бу жамоаларнинг ўйинларида қуйидаги натижалар кузатилди:
Сўғдиёна – Нефтчи: 1-2.
Нефтчи – Сўғдиёна: 0-3.
Навбаҳор – Нефтчи: 1-0.
Нефтчи – Навбаҳор: 2-2.
Сўғдиёна – Навбаҳор: 1-2.
Навбаҳор – Сўғдиёна: 0-3.
Ўзаро ўйинларда “Навбаҳор” жамоаси 7 очко тўплаган бўлса, “Сўғдиёна” 6 очко жамғарган. “Нефтчи” эса бу рақибларга қарши баҳсларда 3 очкога эга бўлди.
Демак, Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси бронза медалини қўлга киритди. “Сўғдиёна” 4-ўринни эгаллаган бўлса, “Нефтчи жамоаси 5-ўрин билан кифояланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилги Суперлигада муддатидан аввал чемпионликни нишонлаган Қаршининг “Насаф” клуби – олтин, сўнгги турда “Қизилқум” жамоасидан 1:0 ҳисобида устун келган Олмалиқнинг “ОКМК” клуби кумуш медалларга сазовор бўлди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА