“Навбаҳор” клуби мавсумни қандай ўтказди?
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг бу йилги мавсумида ёрқин ўйин намойиш этган “Навбаҳор” клубининг якунланган мавсумда қайд этган айрим натижалари диққатга сазовор.
“Лочинлар” 26 та ўйинда 11 та ғалаба, 10 та дуранг ва 5 та мағлубиятни қайд этган ҳолда жами 43 очко тўплаб, бронза медалини қўлга киритди. Жамоа жами ўйинларда рақиблар дарвозасига 42 та гол урди. Ушбу голларга эса 14 нафар футболчи муаллифлик қилди, 10 нафари эса ҳаммуаллифга айланди. Голлардан 8 таси пенальтидан, айримлари эса жарима зарбалари, шунингдек, рақиб футболчилари ёки дарвозабонлари, баъзи ҳолларда эса дарвоза устуни ёки тўсинидан қайтган тўплардан сўнг, урилганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Жамоа таркибида Тома Табатадзе 10 та гол урган ҳолда энг яхши натижани қайд этган бўлса, Жамшид Искандеров 7 та гол билан иккинчи, Сияваш Ҳақназари эса 5 та гол билан учинчи бўлди. Шунингдек, Йован Жокич 4 та, Жамшид Болтабоев 3 та, Саидазамат Мирсаидов, Азимжон Аҳмедов, Гиорги Никабадзе, Филип Иванович 2 та, Фаррух Сайфиев, Аброрбек Исмоилов, Одилжон Ҳамробеков, Комилжон Тожиддинов ва Русланбек Жиянов 1 тадан гол уришга муваффақ бўлди.

“Навбаҳор” клубининг жорий йилги мавсумдаги муваффақиятларига албатта, жамоа раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчиларнинг улкан меҳнатлари борлиги сир эмас. Шунингдек, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ғалабага бўлган иштиёқни оширишда муҳим ўрин тутди.
Клуб матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, “лочинлар”нинг бу йилги мавсумдаги учрашувларига жами 159 минг 443 нафар мухлис стадиондан томоша қилган.
“Навбаҳор”нинг ўз майдонидаги 13 та учрашувига жами 101 минг 853 нафар, сафардаги 13 та ўйинига эса жами 57 минг 590 нафар томошабин ташриф буюрди. Битта ўйинда энг кўп мухлис тўплаш бўйича мавсум рекорди ҳам айнан ушбу жамоага тегишли бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган Намангандаги “Марказий” стадионида бўлиб ўтган “Навбаҳор” – “Нефтчи” (1:0) жамоалари ўртасидаги “водий дербиси”ига жами 22 минг 350 нафар томошабин ташриф буюрган эди.

Шунингдек, мамлакат чемпионатининг якунларига кўра, “Навбаҳор”нинг ўтказган 26 та баҳсидан 14 тасида, жамоа футболчилари “Спорт” телеканали ижодкорлари томонидан энг яхши футболчи, дея эътироф этилди. Ортда қолган мавсумда “Навбаҳор”нинг 10 нафар футболчиси учрашувнинг энг яхши ўйинчиси, деб топилди. Улар орасида “Суперлига – 2024” баҳсларида 7 та гол уриб, 4 та голга ассистентлик қилган 31 ёшли тажрибали ярим ҳимоячи Жамшид Искандеров 4 марта шундай эътирофга лойиқ деб топилди. Сербиялик ярим ҳимоячи Йован Жокич эса 2 марта энг яхшилар қаторидан жой олди. Филип Иванович, Азимжон Аҳмедов, Одилжон Ҳамробеков, Тома Табатадзе, Саидазамат Мирсаидов, Сияваш Ҳақназари, Русланбек Жиянов ва Жамшид Болтабоев каби футболчилар бир мартадан энг яхшилар қаторида саналди.
Суперлиганинг якунланган мавсумида клубнинг 17 нафар футболчиси ҳакамлар томонидан сариқ ва қизил карточкага лойиқ кўрилди.
“Суперлига – 2024” мусобақасида ҳакамлар томонидан 4 та ўйинда “Навбаҳор” дарвозасига 11 метрли жарима зарбаси белгиланди. Шунингдек, ҳакамлар томонидан “Навбаҳор” фойдасига 9 та пенальти белгиланди ҳамда улардан 5 тасини грузиялик ҳужумчи Тома Табатадзе, 3 тасини Жамшид Искандеров аниқ амалга оширди. Яна битта 11 метрли жарима зарбасидан эса Т.Табатадзе фойдалана олмади.
Шунингдек, “Навбаҳор” дарвозасига 9 та ўйинда рақиблар тўп кирита олмаган. Мавсум давомида “лочинлар” 3 марта мағлубиятсиз серияни қайд этди. Шу тариқа, “Навбаҳор” футбол клуби юқори натижалар билан йилни якунлади ва келгуси йил учун ҳозирликни бошлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА