“Навбаҳор” ғалабага эришди
Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги “Марказий” стадионда Осиё Чемпионлар лигасининг “D” гуруҳи 2-тури доирасида “Навбаҳор” ва Ҳиндистоннинг “Мумбай Сити” жамоалари ўртасидаги ўйин ўзбекистонлик футбол ихлосмандларини ғоят мамнун этди. Ўз тарихида илк бор мухлислари қаршисида ўтказган “Лочинлар” йирик – 3:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритди.
Рақибга нисбатан имкониятлари юқори баҳоланган Самвел Бабаян шогирдлари ўйин бошидаёқ қатор хавфли вазиятларни вужудга келтиришди. Хусусан, Жамшид Искандеров ва Остон Ўруновнинг зарбалари мухлисларни ҳаяжонга солди. Ҳиндистонлик футболчилар ҳам мезбонлардан қолишмасликка ҳаракат қилди. Олдинга интилган “Мумбай сити” аъзолари наманганликларнинг хато қилишини кутди. Учрашувнинг 41-дақиқасида ҳужумни қайтариш чоғида тўп Иброҳим Йўлдошевнинг қўлига тегди. Натижада “Лочинлар” жамоаси дарвозасига 11 метрли жарима тўпи белгиланди. Грег Стюартнинг амалга оширган зарбани Ўзбекистон терма жамоаси посбони Ўткир Юсупов қайтаришга эришди.
Биринчи бўлимдаги йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган “Навбаҳор” иккинчи бўлимда тамомила бошқача ўйин кўрсатди. 52-дақиқада Жасурбек Яхшибоевнинг ўнг қанотдан берган узатмасини қабул қилган Жамшид Искандеров 25 метрлардан кучли зарба йўллаб, ҳисобни очди.
Ушбу голдан руҳланган “Лочинлар” 58-дақиқада Остон Ўруновнинг чап қанотдан мумбайликлар жарима майдончаси ичига етказиб берган тўпини Жасурбек Яхшибоев дарвозага киритди. Тезкорлик билан урилган кетма-кет голлар наманганлик футболчиларга қўшимча куч ва шижоат бағишлади. Учрашув тугашига уч дақиқа қолганда ҳисоб яна ўзгарди.
\Захирадан майдонга тушган Дониёр Абдуманнопов Темурхўжа Абдухолиқовнинг аниқ тўп узатмаси туфайли меҳмонлар посбони Ҳурпа Лаченпа билан яккама-якка вазиятга чиқди ҳамда ажойиб тарзда рақиб дарвозасини ишғол этди.
– Нуфузли мусобақада илк марта ғалаба қозониб, барчага байрам улаша олдик. Албатта, юртимизда футболга қаратилаётган юксак эътибор, хусусан, Наманган вилояти ҳокимининг амалий кўмагида биз катта даражага чиқдик, – деди ўйиндан кейинги матбуот анжуманида “Навбаҳор” бош мураббийи Самвел Бабаян. – Мухлислар ушбу баҳсдан олдин рақибимизни барча чизиқларда бир хил савияли футболчиларга эга жамоа дейишганди. Йирик ҳисобда ютган бўлсак-да, бунинг учун катта меҳнат, катта куч сарфладик ва тактик томонлама тўғри ўйнадик. Ҳужумларни якунлашда шогирдларим катта куч кўрсатди.
“Навбаҳор” олдинга интилишда давом этади.
[gallery-13866]
Дарвоқе, “D” гуруҳидаги асосий фаворит – мусобақанинг амалдаги ғолиби “Ал Ҳилол” жамоаси Эронга сафар уюштириб, “Нассажи Мозандарон” клуби дарвозасига жавобсиз учта гол уришга эришди. Шу тариқа, Ар-Риёд ва Наманган жамоалари гуруҳда 4 очко тўплаган ҳолда пешқадамлик қилмоқда.
Осиё Чемпионлар лигасининг навбатдаги учинчи турини “Навбаҳор” 23 октябрь куни ўз майдонида “Нассажи Мозандарон” жамоасига қарши ўтказади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари