Навбаҳор”ни қўллаб-қувватлаймиз
Футбол бўйича Ўзбекистон XXVIII миллий чемпионати суперлигаси ўйинлари старти олдидан Наманганнинг “Навбаҳор” клубида янги мавсум тақдимоти бўлиб ўтди.
Футбол бўйича Ўзбекистон XXVIII миллий чемпионати суперлигаси ўйинлари старти олдидан Наманганнинг “Навбаҳор” клубида янги мавсум тақдимоти бўлиб ўтди.
Вилоят ва Наманган шаҳар ҳокимлиги масъуллари, клуб раҳбарлари, мураббийлар, футболчилар, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбир аввалида “Навбаҳор” жамоасининг мамлакатимиз футболи тарихида босиб ўтган йўли, бугунги мавқеидан ҳикоя қилувчи ҳужжатли видеолавҳа намойиш этилди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси раҳбари Хайрулло Бозоров клуб жамоаси ва футбол мухлисларини янги мавсум бошланиши билан табриклаб, вилоятда спортнинг оммавийлигини ошириш, шу жумладан, футбол, айниқса, болалар футболини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самара бераётганлигини таъкидлади.

– “Навбаҳор”чилар бу йилги мавсумда мамлакатимиз чемпионатида ғолиб чиқиш баробарида Осиё чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи йўлланмани қўлга киритиши керак, – деди вилоят раҳбари. – Бу эзгу мақсад йўлида клубимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.
Тадбирда қайд этилдики, “Навбаҳор” жамоасининг пойтахтимиз ва Туркияда янги мавсумга тайёргарлик кўриши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Қарийб бир ой давом этган Европа йиғинида етакчи жамоаларга қарши ўтказилган саккизта ўртоқлик учрашувида мураббийлар томонидан “Навбаҳор” жамоасида тўп суриш учун 24 нафар футболчи саралаб олинди.
Жамоага хорижий легионерлар ва бир қатор тажрибали футболчилар жалб этилиб, совринли ўринлар учун кураш олиб борадиган кучли таркиб шакллантирилди. Рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида “Лочинлар” сафига Ислом Рашидхонов, Хуршид Мухторов (“Насаф”), Жавлон Иброҳимов (“Сувон”, Жанубий Корея), Ислом Исоқжонов (“Металлург”), Тоҳир Шамсиддинов (“Бухоро”), Руслан Болов (“Гомель”, Беларусь), Забихилло Ўринбоев (“Токушима Вортис”, Япония), Сардор Теляков, Анвар Ҳожимирзаев (“Истиқлол”) каби моҳир ўйинчилар жалб қилинди.

Ўтган мавсумда Наманганда тўп сурган Ўткир Юсупов, Азимжон Аҳмедов, Иван Соловьёв, Ғиёсжон Комилов, Обид Жўрабоев, Мирзоҳид Ғофуров, Игорь Голбан, Аббос Ғуломов, Абдужамол Исроилов, Азизбек Турғунбоев, Амирбек Жўрабоев, Абдулҳай Исмоилов, Комил Тожиддинов сингари футболчилар билан тузилган шартнома муддатлари узайтирилди. Ёшлар жамоасида маҳорат кўрсатган Ислом Абдуллахонов, Шаҳзодбек Ҳамидов ва Ҳусайн Эргашбоев асосий таркибга киритилди.
Тақдимотда 2020 йилда “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қиладиган футболчиларга ўз рақамлари ёзилган либослар топширилди.
– Янги мавсумда вилоят раҳбарияти, хусусан, кўп минг сонли наманганлик футбол мухлисларининг умид ва ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз, – деди клуб бош мураббийи Андрей Канчельскис.

Таниқли сўз устаси Искандар Ҳамроқуловнинг ичакузди ҳангомалари, спорт шарҳловчиси Хайрулло Ҳамидовнинг “Навбаҳор” клуби аъзолари ва наманганлик футбол мухлисларига билдирган тилаклари тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
“Навбаҳор” жамоаси суперлига баҳсларини 27 февраль, пайшанба куни Тошкентда Ўзбекистон чемпиони “Пахтакор” клубига қарши учрашув билан бошлайди.
