Натижа 33 та, танлов эса битта
"Инсон мақсад қўйдими, шу мақсад сари, замонавий тил билан айтганда, стратегияларни ўйлаши, уни амалга ошириш учун тинмай ҳаракат қилиши лозим деб ўйлайман".
Илм олишга бўлган интилиш ҳамиша инсонни эзгу мақсадлар сари бошлаган ва ҳаётда ўз ўрнини топишда маёқ бўлган. Одамзод ёшлигидан бир мақсад сари интилса, келажакда албатта ниятига эриша олиши ҳаётда ўз исботини топган. Бунга бугунги суҳбатдошимиз Абдулворис Миркомилов эришаётган натижалар ҳам яққол мисол бўлади.
Болалигидан олдига улкан режалар қўйиб пухта билим олишга интилган Абдулворис илм орқасидан бу йил бир эмас, икки эмас, нақ 33 та юртимиз ва хорижий мамлакатлардаги нуфузли олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди ва буни қарангки, барчасидан ўқишга қабул қилингани ҳақидаги хушхабарни олди.
Эндигина 11-синфни тамомлаган қаҳрамонимиз бунга қадар ҳам яхши натижаларга эришган. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 250-сонли умумий ўрта таълим мактабни аъло баҳолар билан тугатган Абдулворис математика бўйича республика ва халқаро олимпиадаларда совриндор бўлган.
– Абдулворис аввало, сизни табриклайман. Ҳозиргача қайси хорижий давлатлардаги нуфузли олий таълим муассасалари талабаси бўлдингиз? Уларнинг номини санаб берсангиз.
– Раҳмат. Ҳозирда АҚШ, Корея, Россия, Полша, Латвия, Англия, Кипр сингари мамлакатлардаги ҳамда юртимизда очилган қатор хорижий давлатларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, имтиҳондан ўтдим.
– 33 та институт ва университетга қабул қачондан бошланди?. Имтиҳон топшириш тартиби ҳақида ҳам гапириб берсангиз...
– Барча олий таълим муассасаларида қабул жараёни ўзининг тартиби бўйича амалга оширилди. Биринчи марта 15 май куни Кореядаги Инха университетига имтиҳон топширдим. Маълум вақтдан кейин ўқишга қабул қилинганлигим бўйича сертификат келди. Шундан сўнг бошқа институт ва университетларга ҳам ҳужжат топширдим, имтиҳонларига қатнашдим. Имтиҳонлар қатъий тартибда, кузатув остида онлайн тарзида ўтказилди. Тўғрисини айтишим керак, кетма-кет ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида хабарлар кела бошлагач, бундан яна ҳам руҳланиб ўз билимимни ва омадимни янада синаб кўриш учун бошқа университетларга ҳам ҳужжат топширишда давом этдим. Бу қизиқишлар ва муваффақиятлар менга янгидан-янги имкониятлар эшигини очиш билан бирга танловни ҳам кенгайтирди. Имтиҳонларнинг аксарияти 2 босқичда, яъни биринчисида тест, иккинчи босқичда интервью тарзида ўтказилди. Барча олий таълим муассасаларининг қабул жараёни ва имтиҳон кунлари ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали билиб бордим.
– Абдулворис, ортиқча мақташ эмасу, сиз эришган натижага кўпчилик ҳавас қилади. Сизнингча, бу каби ютуқларнинг сири нимада?
– Инсон мақсад қўйдими, шу мақсад сари, замонавий тил билан айтганда, стратегияларни ўйлаши, уни амалга ошириш учун тинмай ҳаракат қилиши лозим деб ўйлайман. Мен бу натижаларга эришишнинг бирдан-бир йўлини пухта билим олишда ва кўп китоб ўқишда деб билганман. Шундай кунлар кўп бўлган: ухламасдан китоб ўқиб чиққанман. Интернетдан умуман фойдаланмасдим. Чунки интернет кишининг кўп вақтини ўғирлайди. Лекин, ундан керакли вақтда самарали фойдаланса, яхши натижаларга эришиш ҳам мумкин. Фақат ва фақат ўқиш, интилиш ва ҳаракат қилиш лозим экан.
– Билишимча, имтиҳонлар инглиз ва рус тилларида бўлиб ўтган, демакки, Сиз бу тилларни яхши ўзлаштиргансиз...
– Мен биринчи галда она тилимни яхши ўзлаштириб олганман, ундан кейин рус ва инглиз тилларини ўргандим. Инглиз тилидан суҳбат жараёнидаги мулоқотда ҳам эркин суҳбатлаша оламан. Ҳозирда араб тилини ўрганишга ҳаракат қиляпман. Корейс тилини билишим даражаси эса «топик 1». Умумий сўзлардан фойдаланган ҳолда мулоқотга кириша оламан.
– Абдулворис бизни қизиқтирган яна бир жиҳат, мазкур университетларга қабул қилиш учун ўтказилган имтиҳон саволлари бир-бирига ўхшашми?
– Ҳали юқорида айтдим, стратегия бўлиши керак ҳар бир кишида. Мен ҳам физика, математика, инглиз, рус тили тили фанларини максимал даражада пухта ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Стратегиям бўйича ушбу йўналишларнинг энг зўр мутахассиси бўлиш. Имтиҳон саволларининг бир-бирига ўхшаш ёки ўхшамаслиги ҳақида айтадиган бўлсам, агар сиз танлаган йўналишингиз бўйича яхши билимга эга бўлсангиз ҳар қандай савол сизга қийин туюлмас экан. Ҳар бир институт ва университетнинг ўзига яраша махсус саволлари бўлади. 33 та олий таълим муассасаларининг ярмидан кўпига ўзим танлаган йўналишим, яъни математика, физика йўналиши бўйича имтиҳон топширишга ҳаракат қилдим.
– Абдулворис, юқорида «менда катта танлаш имконияти пайдо бўлди» деб айтдингиз. Хўш, сиз 33 та олий таълим даргоҳидан қай бирини танладингиз?
– Чиндан ҳам менда катта танлов имкони яратилди. Кўп ҳам ўйланмасдан, ички сезгиларимга ишонган ҳолда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетини танладим.
– Нима учун айнан Турин политехника университети?
– Ушбу университетга ўқишни танлаганимнинг бирдан-бир сабаби ўз она ватаним, ота-онам бағрида таҳсил олишдан иборат. Келажакдаги мақсадим ҳамма ҳавас қиладиган зўр инженер бўлиш. Фақат электр токи билан юрадиган машиналар яратишни ва Ўзбекистоннинг довруғини дунёга танитишни ният қилганман.
Орзулари осмон қадар бўлган, ўзининг таъбири билан айтганда, белгилаб олган стратегияси сари аниқ мақсад билан ҳаракат қилаётган Абдулворис Миркомиловга келажакдаги ишларида омад тилаймиз!
P.S. Қаҳрамонимиз Абдулворис Миркомилов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган Олий таълим муассасаларининг рўйхатини илова қиламиз:
1. TURIN University of tashkent
2. INHA University of KOREA
3. INHA UNIVERSITY OF tashkent
4. RTU university of Latviya
5. TEAM University the Tashkent
6. British Management University
7. Amity University tashkent
8. ADJU university tashkent
9. SHARDA University of tashkent
10. MDIS University of tashkent
11. Xiamen University of Malasia
12.International Foundation University of Cypre
13. EU BUSINESS school of USA
14. WIUT University of tashkent
15. Webster University of tashkent
16. IMICA University of Tashkent
17. Istanbul Aydin University of turkey
18. TED university of turkey
19. the University of Sheffild
20. WSB University of Poland
21. HSE UNIVERSITY
22. FBM UNIVERSITY
23. Cambridge International college
24. LSBU of England
25. LAazarskiy University the Poland
26. Arcadia University of USA
27. ISMA University of Latvia
28. University of Canada
29. Barry University of tashkent
30. TSI University of Latvia
31. University of ESSEX
32. Transport and Telecomunication of Riga
33. Akfa University Tashkent
Манижа Баҳриева суҳбатлашди.