Насослар – суғориш тизимининг энг муҳим бўғини
Президент ташаббуслари – амалда
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уларни етиштириш ҳақида гап кетганда, албатта, суғориш тизимининг аҳамияти эътибор марказида туради. Суғориш – у қандай кўринишда ва шаклда бўлмасин, бугун жамиятимиздаги энг долзарб масалалардан биридир. Мамлакатимизда 4.3 млн. гектар суғориладиган майдон бўлиб, шунинг 60 фоизи насослар ёрдамида суғорилади.

Президентимиз томонидан сув хўжалигида “2025 йил – “Насослар самарадорлигини ошириш йили” деб белгиланди. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини сув билан таъминлаш учун вазирлик тизимида 1 минг 700 га яқин насос станциялардан фойдаланилади. Уларни ишлатиш ва белгиланган сув миқдорларини чиқариш учун бир йилда 7 млрд. кВт/соат электр энергияси талаб этилади.

Мамлакатимизда насос станциялардан энг кўп фойдаланадиган ҳудудлар Хоразм вилояти (291 та), Қорақалпоғистон Республикаси (221 та), Наманган (203 та) ва Фарғона (168 та) вилоятлари ҳисобланади. Энг йирик насос станциялари эса Қашқадарё, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган.
Таҳлилларга кўра, насос станциялари орқали 1000 кубометр сув етказиб бериш учун республика бўйича ўртача 120.2 минг сўм (120.2 кВт.соат) сарфланади. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан сув хўжалиги соҳасига жиддий эътибор қаратилаётгани натижасида Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялар модернизация қилинди.

Шунингдек, 2024 йилда насос станциялардаги эскирган 156 та насос ва 154 та электродвигатель янгиланди. Насос станцияларга 2 388 та ёруғлик диод лампа, 109 та қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмалари, 87 та частота ўзгартирувчи қурилма, 102 та конденсатор қурилмаси ўрнатилди. Натижада иш самарадорлиги сезиларли даражада яхшиланиб, суғориш тизими истеъмолчиларига ҳам қулайликлар яратилди.
2025 йилда ушбу ишлар самарали давом эттирилиб, 97 та насос, 109 та электродвигатель, 117 дона конденсатор янгиланиши режа қилинган. Шу билан бирга жорий йилда 450 кВт қуёш панеллари, 27 дона қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилади. Насос станцияларни оптимал режимда ишлатиш, энергия тежамкор қурилмаларнинг ўрнатилиши ҳисобидан 100 млн. кВт соат электр энергиясини тежаб қолиш режалаштирилган.
– Энергия сарфланиши табиий, бироқ унинг тежалиши масаласи доимий эътиборда туриши лозим, – дейди Насос станциялардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Отабек Абдуллаев. – Насос станциялари томонидан 2017 йилда 8.3 млрд. кВт/соат электр энергияси сарфланган бўлса, энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш, насос ва электродвигателларни замонавийларига алмаштириш, насос агрегатларини бир хил режимда ишлатиш ҳамда бириктирилган экин майдонларида агротехник тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 2024 йилда энергия сарфи 6.5 млрд. кВт/соатгача камайтирилди. Йиллик лимитга нисбатан 300 млн. кВт/соат ва 2017 йилга нисбатан 1,8 млрд. кВт/соат электр энергияси тежалишига эришилди.
Сўнгги вақтларда кўплаб соҳаларда хорижий инвестицияларни жалб қилиш, шунинг ҳисобига соҳани техник ва технологик яхшилашга эришилмоқда. Хусусан, хорижий инвестиция маблағлари доирасида Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларида 95 та насос станцияларини модернизация қилиш 1-босқич лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги 118 та насос станциялари модернизация қилиш лойиҳаси доирасида ишлар бошланган.
Бугунги кунда ҳар бир соҳага хусусий сектор жалб қилиниб, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳалар амалга оширилмоқда ва давлат улуши босқичма-босқич камайтириб борилмоқда. Таъкидлаш жоизки, 2020-2024 йиллар давомида хусусий сектор жалб қилиниб, сув хўжалиги соҳасида ҳам бир қатор давлат-хусусий шериклик лойиҳалари амалга оширилди. Бугунги кунга қадар 400 тадан ортиқ насос станциялар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий ташаббускорлар бошқарувига берилган.
Насос станциялари суғориш тизимининг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Уларнинг самарадорлигини таъминлаш соҳанинг энг муҳим вазифаларидан. Ўтган йиллар сарҳисобидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, жорий йилда ҳам бу ишлар самарали давом эттирилиб, истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш имконияти янада кенгайтирилади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА