«Насаф» ОФК Аёллар чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олди
ОФК Аёллар чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи учун курашда «Насаф» ҳайратомуз натижа кўрсатиб, мусобақанинг кейинги босқичига йўлланма олди. Қаршидаги сўнгги ўйиндаги ғалаба уларнинг устунлигини яна бир бор исботлади.
Қарши шаҳридаги «Марказий» стадионида ОФК Аёллар чемпионлар лигасининг 2026/27 йилги мавсуми саралаш босқичи 3-тур учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон чемпиони «Насаф» Бирлашган Араб Амирликларининг «Банаат» жамоасига қарши майдонга тушиб, 7:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Эслатиб ўтамиз, саралаш босқичи давомида вакилларимиз биринчи турда Лаоснинг "Мастер" жамоасини 11:0 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, иккинчи турда Бутаннинг "Роял Тхимпху Коллеж" клуби устидан 3:0 ҳисобида устун келди.
Шу тариқа, «Насаф» жамоаси ўтказилган учта учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, рақиблари дарвозасига жами 21 та гол уришга муваффақ бўлди ва юз фоизлик натижа билан асосий гуруҳ босқичига йўлланма олди.
Маълумот учун, айни дамга келиб, ОФК Аёллар чемпионлар лигасининг 2026/27 йилги мавсуми гуруҳ босқичида иштирок этадиган 12 та жамоа номи ҳам маълум бўлди.
1-саватча: «Нэгойҳянг», «Мельбурн Сити», «Хвачхон КСПО».
2-саватча: «Кобе Леонесса», «Бэйцзин Жинтан», «Хо Ши Мин Сити».
3-саватча: «Бам Хатун», «Кая — Илоило», «Ист Бенгал».
4-саватча: «Эйприл 25», «Насаф», «Айявади».
Гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими 3 сентябрь куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА