Нархларни сунъий оширган дорихоналарга нисбатан назорат кучайтирилди
2026 йилнинг иккинчи чораги давомида Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарминспекция бошқармаси томонидан дори воситалари нархларини қонунчиликда белгиланган тартибдан юқори қўллаганлиги сабабли бир қатор хўжалик юритувчи субъектларга тегишли дорихоналарнинг фармацевтика фаолияти учун берилган лицензиялари бекор қилинган. Хусусан, "FARM EFFEKT", "PHARMA BREND", "GIPOFIZ FARM", "THE GREAT FARM", "MEDEX GROUP PHARM" МЧЖлар ҳамда "MAXSUDBEK BIZNES" ХК лицензиялари бекор қилинган.
Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишда давлат томонидан белгиланган нархларни шакллантириш тартибига риоя этмаслик фармацевтика фаолияти учун берилган лицензиянинг талаб ва шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бундай ҳолатлар қонунчиликка мувофиқ маъмурий ҳамда лицензияга оид жавобгарлик чораларини қўллаш учун асос бўлади. шу боис, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази фуқароларни дори воситаларини харид қилишда нархларга эътиборли бўлишга, белгиланган тартиб бузилган ҳолатлар аниқланганда эса ваколатли органларга мурожаат қилишга чақиради.
Шунингдек, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва Марказ томонидан фармацевтика бозорида дори воситаларининг белгиланган нархларда сотилишини таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан тизимли назорат ишлари давом эттирилмоқда.
Дори воситаларига давлат томонидан белгиланган чекланган савдо устамаларини ошириб қўллаш ҳолатларини аниқлаш мақсадида Солиқ органлари ахборот тизимлари ҳамда Қўмитанинг "Fair Tech" ягона ахборот тизими ўртасида ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Мазкур тизим орқали 2026 йилнинг иккинчи чораги давомида келиб тушган маълумотлар асосида 237 та дорихонада 148 810 та ҳолатда дори воситаларига белгиланган устамалар асоссиз равишда оширилгани аниқланди.
Натижада истеъмолчилардан 1,9 миллиард сўм миқдорида асоссиз олинган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиниб, истеъмолчилар манфаатларини тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА