Марказий банкнинг октябрь ойида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган сўров натижалари эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан пасайган.
Аҳоли ўртасида ўртача кутилма 11,7 фоиз, тадбиркорлар орасида эса 11,1 фоиз даражасида бўлди. Бу нархлар динамикасининг юмшаши ва бозордаги ишонч белгиси сифатида қаралади.
Жамоатчиликда келгуси ойларда нархлар кескин ошмаслиги ва босқичма-босқич пасайиши эҳтимолига ишониш кучайган. Бу тенденцияни ички бозорда нархлар барқарорлашишига доир аломатлар, озиқ-овқат ва истеъмол товарлари таъминотининг кенгайиши, молия-ахборот сигналларининг эҳтиёткор талқини ва давлат томонидан олиб борилаётган пул-кредит сиёсатининг таъсири билан боғлаш мумкин.
Аҳоли ва бизнесда коммунал хизматлар, ёқилғи-энергетика харажатлари, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлар ошишидан хавотирда.
Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳалари ва айниқса, таълим ҳамда илмий фаолият билан шуғулланувчилар орасида нархлар бўйича кутилмалар нисбатан пастроқ.
Маълумки, нархлар динамикасини баҳолашда географик жиҳат ҳам муҳим. Тошкент шаҳрида кутилмалар юқорироқ шаклланган.
Баъзи вилоятларда эса (айниқса, қишлоқ ва минтақа марказларида) кутилмалар нисбатан паст – маҳаллий бозор шароитлари ва истеъмол таркибига боғлиқ.
Тадбиркорлар инфоcида асосий хавотирлар қаторида коммунал, ёқилғи-энергетика ва транспорт харажатлари ҳамда хомашё нархларининг ўзгариши сақланмоқда. Бироқ сўров натижалари шуни кўрсатдики, бизнес ўртасида ҳам келажакдаги нархлар бўйича кутилмалар босқичма-босқич пасайиб бормоқда. Бу уларнинг олиб борилаётган иқтисодий режалар ва харажат прогнозларини қайта кўриб чиқишга интилаётганини англатади.
Қайд этилишича, инфляцион кутилмаларнинг босқичма-босқич пасайиши иқтисодиётдаги барқарорлашув белгиси ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, октябрь сўрови натижалари шундан далолат берадики, аҳоли ва бизнес орасида инфляцион кутилмалар пасаяётгани кузатилмоқда. Бироқ нархларнинг барқарор пастлашувини таъминлаш учун манзилли сиёсатлар ва ваколатли идоралар билан ҳамоҳангликда ҳаракат қилиш муҳим ҳисобланади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА